Индзаги жарима майдонини бетонлади

Интер — Арсенал 1:0
Гол: Чалхонўғли (45+3, пеналти). 
Интер – Зоммер, Биссек, де Врей, Павар, Дармиан, Думфрис, Зелински (Мхитарян, 62), Чалхонўғли (Аслани, 71), Фраттези (Барелла, 62), Мартинес (Тюрам, 62), Тареми (Димарко, 79).
Арсенал – Райя, Тимбер (Зинченко, 82), Габриэл, Салиба, Уайт, Мерино (Жезус, 46), Парти, Мартинелли, Сака, Ҳавертц (Эдегор, 90+3), Троссар (Нванери, 82).
Огоҳлантиришлар: Габриэл (15), Мартинес (15), Жезус (68), Барелла (68). 

«Интер» ва «Арсенал» Чемпионлар лигасиа яхши старт олиб, уч турда еттитадан очко жамғарди. Бу топ-8 га кириш учун яхши имконият. Аммо жамоаларни ўзаро учрашув кутаётганди.

Биринчи бўлим бироз ғалати кечди. Энг қизиқарли воқеалар илк ва охирги дақиқаларда кузатилди. Бўлимнинг катта қисмини эса «Интер» ва «Арсенал» майдон марказидаги кураш билан ўтказди. Иккинчи дақиқада Дензел Думфрис қулай имкониятни қўлдан чиқарди: нидерландиялик ҳимоячи жарима майдони марказида туриб тўпни дарвоза тўсинига қарата йўллади.

Кейин эса «тактик ўйинлар» бошланиб кетди. Симоне Индзаги ҳам, Микел Артета ҳам шогирдларидан ўз жарима майдонида вазиятлар яратилишига йўл қўймасликни талаб қилишди. Лекин бу жамоалар ҳужумга ўтмаганини англатмайди. Маҳди Торимий «Арсенал» дарвозаси томон хавф солиб турди, Букайо Сака эса вақти-вақти билан ўнг қанотидан хавфли ёриб киришларни амалга оширди. Аммо энг муҳим эпизод 45+1-дақиқага бориб рўй берди.

Бўлим охирида Ҳоқон Чалхонўғлининг узатмаси жарима майдони ичидаги Торимийга етиб борди. Эронлик ҳужумчи дарвозага орқа турган ҳолда тўпни Микел Меринонинг қўлига теккизди. Ҳакам Иштван Ковач иккиланмасдан «нуқта»ни кўрсатди ва Чалхонўғли совуққонлик билан зарба бериб, ҳисобни очди – 1:0. Индзаги иккинчи бўлим учун қулай сценарийга эга бўлди. 

Иккинчи бўлимни «Арсенал» ҳужумлар ёмғири билан бошлади: «Интер» ҳисобга ўйнади ва ўта прагматик ҳаракатланди. Бурчак зарбасидан кейин Вилям Салибада яхши имконият бўлди, аммо у тўпга тўғри зарба бера олмади. Кейин эса Думфрис дарвоза тўрига бораётган тўпни чизиқ устида қайтариб қолди. Бошқа ҳужумда Кай Ҳаверц тўпни дарвозабон устидан ошириб қўймоқчи бўлди, аммо Зоммер тўпга бир амаллаб улгурди. Германиялик ҳужумчининг бошқа зарбасидан кейин дарвозабон ожиз қолганди, аммо ҳимоячи Янн Биссекк тўп йўлини тўсиб чиқди.