Жамият | 23:22 / 20.02.2018
26317
2 дақиқада ўқилади

Ободонлаштириш ходимларига егулик ва иссиқ қаҳва тарқатилди

Тошкентда бир гуруҳ ёшлар шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимларига ширинлик, тушлик ва иссиқ қаҳвалар, пайпоқлар тарқатишди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Жамоатчилик асосида ташкил этилган «Бахт улаш» хайрия гуруҳининг Телеграм ижтимоий тармоқдаги аъзолари сони 600дан ошган. Гуруҳ фаоллари турли хайрия ишлари билан машғул бўлиб, атрофдагиларга яхшилик улашиш билан банд бўлмоқда. Бу гал, ёшлар қишнинг аёзли кунларида кўчада ишлаётган шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимларига яхши кайфият улашди.

«Бу кун учун аввалдан тайёргарлик кўрдик: кимдир уйида ширинликларни тайёрлади, бошқалар моддий ёрдам кўрсатди. Шундай қилиб, шаҳримиз тозалигига беминнат ҳиссасини қўшиб келаётган оналар, оталар, ака-ука, опа-сингилларимизни хурсанд этишга қарор қилдик. Бу билан оз бўлса-да, уларнинг меҳнатига миннатдорчилигимизни билдириб, қилаётган ишидан фахр ҳис этишини истадик», дейди ташкилотчилардан бири Мўътабар Хушвақтова.

Фото: t.me/Baxtulash

20 февраль куни ташкил этилган хайрия тадбири давомида жами 300 та ширин кулча, 300 та гумма, 350 та қаҳва, 350 та шоколад, 100 жуфт пайпоқ ва уйда тайёрлаб келтирилган егуликлар кўчадаги заҳматкашларга тарқатилди.

Маълумот учун, ташаббускор ёшларнинг деярли ярмидан кўпи талабалардан ташкил топган бўлиб, барчаси кўнгилли равишда, ҳеч қандай манфаатсиз бир гуруҳга жамланган.

Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash
Фото: t.me/Baxtulash

Мавзуга оид