Кеча, 20 февраль куни ўзбек адабиётининг буюк вакили Абдулла Қодирийнинг Тошкент шаҳридаги ҳовлисига Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ташриф буюрган. Бу ҳақда BBC Ўзбек хизматининг лавҳасида айтилади.
Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирийнинг айтишича, кеча соат 12:00лар атрофида бош вазир, Тошкент шаҳри ҳокими, Шайхонтоҳур тумани ҳокими ва Маданият вазирлиги мутасаддилари “Самарқанд дарвозаси” маҳалласида жойлашган буюк адиб яшаб ижод қилган ҳовлига ташриф буюрган.

“Уларни ҳамма жой билан таништирдик. Ҳовлимиз жуда катта, ҳовлидан-ҳовлига ўтиб, шарт-шароитларни кўрсатдик. Улар ҳам жуда ажабланишди, Тошкент шаҳри марказида шундай жой бор эканини билишмас экан ҳам. Айримлар кўрган, лекин кўпчилик кўрмаган экан. Уларга вазиятни тушунтирдим, ҳамма жойни томоша қилиб, кўриб чиқишгандан сўнг бош вазир Абдулла Арипов бу ер уй-музейи эмас, балки боғ-музейи қилинишини айтди. “Бу жойни маърифат маркази қиламиз”, деб ваъда бердилар. Шу пайтгача бу ишларни қилишга бу ерда яшаб келганларнинг шарт-шароити йўл қўймаган. Бундан ташқари, моддий томондан ҳам қийин эди. Ўша пайтда бу ерда Абдулла Қодирийнинг кўпчилик авлоди истиқомат қилиб келган, уларни уй-жой билан таъминлаш анча мушкул эди. Ҳозир бу ердан Қодирийга дахлдор бўлган ўнтача оилани кўчириш керак экан”, - деган Хондамир Қодирий.

ЎзА’нинг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Акиловага асосан ёзишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли топшириғига асосан Тошкент шаҳри, “Самарқанд дарвозаси” маҳалласида жойлашган Абдулла Қодирий яшаб ижод қилган уй ва боғ ҳовли ҳудудида 2018 йил якунига қадар Абдулла Қодирий боғ-музейини ташкил этиш ва бу ишларни амалга ошириш учун зарур маблағ ажратиш режалаштирилган.
Журналист Анора Содиқованинг “Абдулла Қодирийнинг уй-музейи борми?” мақоласида айтилишича,1956 йилда Абдулла Қодирий номи оқланган, чўчқахона ва файтунлар тураргоҳига айлантирилган ҳовли Қодирий фарзандларига қайтарилган, аммо унга музей мақоми берилмаган. 1989 йил Абдулла Қодирийнинг фарзанди Маъсуд Қодирий отасининг 95 йиллик юбилейида уни ёд этиш учун йиғилган зиёлилардан яна уйни музейга айлантиришни сўраб, илтимос қилаган, аммо яна натижа бўлмаган. 1994 йилда яна бу иш кўтарилади, бироқ бугунги кунда у ерда яшаб келаётган миллат фидойисининг авлодларини бошқа уйга кўчириш масаласи кўндаланг бўлиб, масала яна чала қолади.
















