Спорт | 23:00 / 21.02.2018
7905
3 дақиқада ўқилади

Доминикан Республикасида ўзбек кураши куни эълон қилинди

2018 йилдан бошлаб 23 февраль Доминикан Республикасида Кураш миллий куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Республика ҳукумати қўллаб–қувватлаши ва мамлакат Кураш федерацияси ижроия қўмитаси қарори билан 23 февраль куни кураш бўйича кўргазмали чиқишлар, ҳакамлик семинарлари, ўқув машғулотлари,турли танловлар ва кураш спорти тарғиботига бағишланган бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилиши белгиланди.

"Кураш миллий куниспортчиларимиз,мураббийларимиз, ҳакамларимиз вабошқа мутахассислар томонидан бетакрор кайфият ва муҳитда нишонланади. Бу тадбирга мамлакатимиз пойтахти Санто-Доминго шаҳри, шунингдек, Азуа, Перавия, Сан-Кристобаль, Сан-Педро-де-Макорис, Монте-Плата, Ла-Вега, Сан-Хуан, Дуарте, Санчес-Рамирес ва бошқа провинцияларда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ишонамизки, Кураш миллий куни Доминикан Республикасида кураш оммавийлигини янада оширишга хизмат қилади", дейди Доминикан Кураш федерацияси президенти Исраил Карабало.

"Кураш спорти ўз жозибасию инсонпарварлиги боис она сайёрамиз халқлари кўнглидан муносиб ўрин эгалламоқда. Ҳар йили  кураш халқаро оиласига аъзо бўлаётган давлатлар сони мунтазам ошиб бормоқда. Бугунги кунда “кураш”, “ҳалол”, “тўхта”, “таъзим”, “ёнбош”, “чала” каби ўзбек сўзлари жаҳоннинг 130дан ортиқ мамлакатида жарангламоқда.

Халқимизнинг фахри бўлган кураш қисқа вақт ичида ривож топиб, Осиё ўйинлари таркибидан расман ўрин олди. Шу йил кузда Индонезияда қитъамиз полвонлари Осиё ўйинлари ғолиблиги учун гиламга чиқади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 октябрдаги “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора–тадбирлари тўғрисидаги” қарори миллий қадриятимизнинг асосий бўғинларидан бири бўлган кураш ривожини янги босқичга олиб чиқмоқда", дейилган IKA матбуот хизмати хабарида.

Доминикан Республикаси Кураш федерацияси Жанубий Америкада ҳақиқий маънода кураш қон томирига айланган миллий федерация ҳисобланади. Федерация раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили мунтазам тарзда мамлакат чемпионатлари, қитъа биринчиликлари юқори даражада ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, 2005 йили ёшлар ўртасида V жаҳон чемпионатига Доминикан Республикаси мезбонлик қилганди. Ушбу мамлакат 2015 йили Панамерика Кураш конфедерациясига аъзо федерациялар иштирокида Кураш ойлиги ўтказилишининг ташаббускори бўлган.

Мавзуга оид