10-11 январь кунлари Тошкентда «Ўзбек курашининг тарихи, бугуни ва истиқболи» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон кураш федерациясидан маълум қилишларича, анжуманда 3,5 минг йиллик тарихга эга ўзбек курашининг халқаро майдондаги мавқейи ва уни оммалаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Шунингдек, 2019 йил декабр ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Кураш миллий спорт турининг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

Миллий гвардия билан меморандум

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон кураш федерацияси ва Ўзбекистон Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумда ҳамкорликда ўқув-методик адабиётлар ва илмий-тадқиқотлар амалга ошириш,  биргаликда дарсликлар яратиш кўзда тутилган.

Мақсад – олимпия ўйинлари таснифига кириш

Замонавий кураш қоидалари асосчиси, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов сўзга чиқиб, кураш анъаналарини сақлаб қолган ҳолда унга замонавий технологияларни жорий этиб, баҳолаш механизмини такомиллаштириш бўйича фикр билдирди.

«Бир пайтлар биз курашни дунёга олиб чиқамиз, деганда кўпчилик кулганди. Бугун Халқаро спортга айландик. Энди асосий мақсад – олимпия ўйинлари оиласига кириш. Бу ҳам ҳозир бошқалар учун гуёки эришиб бўлмас орзуга ўхшайди. Лекин муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши бизга куч беради. Бунга албатта эришамиз.  Курашнинг ватани – Ўзбекистон ва бугун биз дунёга курашни тарғиб қилиш ва халқимизнинг қадриятларини етказишимиз керак» – деган Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.

Янги жанговар кураш