Ўзбекистон | 18:56 / 22.02.2018
5371
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми ўтказилди

Фото: ЎзССП

2018 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ҳиндистон ишбилармон доира вакиллари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми ўтказилди. Бу ҳақда ЎзССП ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этиш лозим, ушбу тадбир ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат.

Ишбилармонлик учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

2017 йил якунлари бўйича товар айланмаси – $323,6 млн долларини ташкил этган бўлса, жумладан, экспорт – $32,5 млн долларини, импорт эса – $291,1млн долларини ташкил этди.

Экспортнинг асосий позициялари: қишлоқ хўжалиги, транспорт ва туристик хизматлар, ўсимлик шарбатлари ва экстракти, тери хомашёси.

Импортнинг асосий позициялари: фармацевтика маҳсулотлари, механика ва электр ускуналари, автомобил эҳтиёт қисмлари, транспорт ва туристик хизматлар, кимё маҳсулотлари ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикасида Ҳиндистон Республикаси сармояси иштирокидаги 101 та корхона фаолият юритиб, улардан 15 таси Ҳиндистонинг 100 % капиталига эга.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида 16 Ҳиндистон компаниясининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Ўзбекистон делегация вакилларининг Ҳиндистонга қилган сафари давомида ташкил қилинган бизнес форум доирасида $70 млн долларга тенг 20 инвестицион лойиҳалар ҳамда $80 млн долларга тенг 22 контракт шартномалари имзоланган.

Мавзуга оид