Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонлари пайтида Telegram блокланди
Мамлакат расмийлари имтиҳон пайтидаги фирибгарликларга қарши кураш мақсадида шундай йўл тутганини таъкидламоқда.
Ҳиндистон ҳукумати «мамлакат суверенитети ва яхлитлиги манфаатлари» йўлида веб-сайтлар ва иловаларга киришни блоклаш имконини берувчи қонун доирасида Telegram мессенжерини чеклади, деб ёзди Reuters.
Бундай чора 22 июнга қадар абитуриентлар тиббиёт коллежларига ўқишга кирадиган миллий имтиҳонни (NEET) такрор ўтказиш мақсадида қабул қилинди. Ҳиндистон Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, фирибгарлар абитуриентларни алдаш учун Telegram’дан фойдаланган. Хусусан, улар пул эвазига имтиҳон материалларидан фойдаланиш имкониятини таклиф қилган.
Бунгача имтиҳон 3 май куни ўтказилган ва бутун мамлакат бўйлаб деярли 2,28 миллион киши имтиҳон топширган эди. Бироқ бир неча кундан кейин имтиҳон саволлари сизиб чиққани маълум бўлди. Бу эса ота-оналар ва абитуриентларнинг норозилигини келтириб чиқарди.
Имтиҳонни ўтказиш учун масъул бўлган Миллий тест агентлиги (NTA) унинг натижаларини ҳақиқий эмас деб топди. Янги имтиҳон 21 июнга белгиланди. NTA Telegram’нинг чекланиши юз минглаб оддий фойдаланувчиларга ноқулайлик туғдиришини тан олди, бироқ блоклаш охирги чора бўлганини таъкидлади, чунки платформадан контентни олиб ташлаш бўйича бошқа уринишлар натижа бермаган.
Telegram ҳозирча Ҳиндистондаги чекловларга изоҳ бермади. Reuters маълумотларига кўра, 16 июнь куни эрталаб мессенжер мамлакатда эркин ишлашда давом этган. Шу билан бирга, агентликнинг таъкидлашича, Ҳиндистон Telegram учун энг йирик бозор бўлиб, у ерда 104 миллионга яқин фойдаланувчи мавжуд. Таққослаш учун: Россияда улар 34,4 миллионга яқин, АҚШда 26,85 миллион, Бразилияда эса 14,85 миллион. Бироқ, WhatsApp Ҳиндистонда хабар алмашиш учун асосий платформа бўлиб қолмоқда.