Ўзбекистон | 12:10 / 23.02.2018
20859
5 дақиқада ўқилади

Инфографика. Ўзбекистон аҳолиси таркибида 16 хил гаплогуруҳ мавжуд

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида эксперт текширувлари билан бир қаторда замонавий технологиялар ва фан ютуқларига асосланган бир қанча  илмий тадқиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, ўзбек популяцияси бўйича Y-хромосома  хилма-хиллиги ва ўзгарувчанлигини  ўрганишга доир тадқиқот ишлари ўтказилди.

Маълумки, Y-хромосома  организмнинг эркак генетик жинсини белгилайди. 2002 йилда Y-хромосома  бўйича бутун жаҳон консорциуми томонидан Y-хромосома чизиқлари умумий классификацияси ва номенклатураси ишлаб чиқилди. А дан R ҳарфларигача белгиланадиган 16 хил асосий гуруҳлар ажратилди. Ҳарфлар кетма-кетлиги мазкур гуруҳларнинг пайдо бўлиш тартибини кўрсатади ва улар гаплогуруҳлар деб номланади.

Y-хромосома генетик хусусиятлари ота авлод бўйича ирсийланади, яъни отадан ўғил фарзандларга ўзгармас ҳолда ўтади.

Y-хромосома хусусиятларига кўра, одамнинг генетик хилма-хиллигини, унинг келиб чиқишини ва географик жиҳатдан тарқалишини ўрганишда қулай ва ахборотга бой манба ҳисобланади.

3 йил давомида олиб борилган илмий изланишлар натижасида суд экспертизаси маркази мутахассислари томонидан республиканинг турли вилоятларида истиқомат қилувчи ва турли оилага мансуб бўлган 1000 нафар эркак генетик жинсидаги аҳоли Y-хромосомаси ўрганилди ва мамлакатимиз туб аҳолиси популяциясининг Y-хромосомаси бўйича биологик коллекцияси йиғилди.

Олинган натижалар дунё миқёсида катта амалий аҳамиятга эга бўлиб, Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда Y-хромосома гаплогуруҳларининг тарқалишини аниқлашга имкон беради.

Шуни қайд этиш жоизки, Марказий Осиё аҳолиси Y-хромосома бўйича катта хилма-хилликка эга. Минтақа халқларининг генофондини шакллантирган кўплаб популяцион-демографик воқеалар бу минтақанинг этник популяцияларида Евроосиёнинг ҳам ғарбий ҳам шарқий белгиларини кўрсатади.

Хусусан, мазкур минтақа давлатчилигининг тарихи минглаб йилларни ўз ичига олади. Уларга Аҳамонийлар ҳукмдорлиги даври (Эрон), Александр Македонский истилосидан кейин Сўғдиёнада бошланган эллинизм даври, Кушон ҳоқонлиги, Эфталийлар давлати, Турк хоқонлиги, Араб истилоси, Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар давлати, мўғул истилоси, Темурийлар давлати, Шайбонийлар ва Аштархонийлар сулоласи мисол бўлади. Шунингдек, мазкур минтақанинг Буюк ипак йўлида жойлашгани халқларнинг генофондига ўз таъсирини кўрсатган.

Қозоғистон ва Қирғизистон туб аҳолисининг генофондида С ва О Шарқий Европа линиялари кўпроқ учраши аниқланган. Шу билан бирга, бир қанча белгиларига кўра, қирғизлар Жанубий Сибир (олтой ва тува) халқларига яқин туради. Бу эса уларнинг олтой-саянлардан келиб чиққани тўғрисидаги назарияни тасдиқлайди.

Тожик ва ўзбек эркак жинсидаги шахслар генетик паспортининг ўзига хос жихати уларда ҳинд-эрон генофонди таркибий қисми бўлмиш L-гаплогуруҳининг мавжудлиги ҳисобланади.

Ўзбеклар генофондида Шарқий Европа линиялари ҳам акс этган.

Умуман олганда, дунё харитасидаги Марказий Осиё минтақаси ҳинд-европа ва мўғул гаплогуруҳларининг тарқалиши билан белгиланган.

Ўтказилган тадқиқот натижалари бу маълумотларни тасдиқлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи туб эркак жинсидаги аҳоли ўртасида 16 хил гаплогуруҳ мавжудлиги (C, D, E, F, G, H, I, J, K, L, N, O, P, Q, R, T) аниқланди.

Бу гаплогуруҳларнинг бугунги кундаги тарқалиш ўчоқларига Мўғулистон, Ғарбий Тибет, Шимолий Африка, Араб яримороли, Болқон яримороли, Ҳиндистон, Ироқ, Сибир, Шимолий-шарқий ва Жанубий-шарқий Осиё, Хитой, Корея, Япония, Олтой ва Европа киради.

Республикамизнинг барча вилоятларида R (ҳинд-европа) ва С (мўғул) гаплогуруҳларининг устунлик қилиши, яъни кўп учраши аниқланди.

Шу билан бирга, текширувлар давомида Яқин Шарқ минтақасидан келиб чиқишга эга бўлган J (араб-семит) гаплогуруҳининг мавжудлиги ҳам кузатилди.

Шундай қилиб, бу каби муҳим текширувлар Марказий Осиё минтақасидаги, хусусан, Ўзбекистондаги аҳоли генетик маълумотлари базаси билан боғлиқ бўлган танқидий танқислик ўрнини тўлдириб, тарихни, инсоният  келиб чиқишини ўрганувчи фан – генеология учун катта амалий аҳамият касб этади.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати