Жамият | 23:00 / 25.02.2018
12532
5 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган инсонлар билан қандай муомала қилиш керак?

Яна Чичерина Фото: KUN.UZ

Ногиронлиги бўлган инсонлар билан муомала қилишда баъзи жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Зеро сиз ўйламай йўл қўйган хатоингиз туфайли бир инсоннинг кўнглини ранжитиб қўйишингиз мумкин. Уларга ачиниш билан қараш - бошқалардан фарқли эканига ишора қилишдек кўриниши мумкин. Шу боис имкон қадар улар билан барча қатори муомала қилганингиз маъқул.

БМТнинг ногиронлиги бўлган одамлар муаммолари бўйича қўшма дастури координатори Яна Чичерина ОАВ билан бўлиб ўтган махсус тренингда ногиронлиги бўлган шахслар билан муомалада риоя қилиш керак бўлган қоидалар билан таништирди. KUN.UZ мухбири жамиятда ногиронлиги бўлган одамларга муносабатни ўзгартиришга ёрдам берувчи ушбу қоидаларни сиз билан бўлишишга қарор қилди.

1. Ногиронлиги бўлган инсон билан суҳбатлашаётганингизда унга ҳамроҳлик қилаётган киши ёки сурдотаржимонга эмас, бевосита унинг ўзига мурожаат қилинг.

2. Сизни ногиронлиги бўлган инсон билан таништиришаётганида унинг қўлини сиқиб кўришиш табиий - ҳатто қўлини ҳаракатлантиришга қийналувчи ёки протездан фойдаланувчи кишилар ҳам ўнг ёки чап қўлини бериб кўришиши мумкин.

3. Кўриш қобилиятида муаммолар бўлган киши билан учрашганингизда албатта ўзингиз билан келган кишиларни таништиринг. Гуруҳда умумий мулоқот қилаётган бўлсангиз, айни дамда кимга ва ким томонидан мурожаат қилаётганига аниқлик киритишни унутманг.

4. Агар ёрдам таклиф қилаётган бўлсангиз, уни қабул қилишларини кутинг, шундан кейингина ишга киришинг.

5. Ногиронлиги бўлган катта ёшли кишилар билан катта ёшлилардек муомала қилинг. Қолганларга исм шарифи билан муомала қилаётган бўлсангиз, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам худди шундай мурожаат қилинг. Ҳеч қачон ногиронлик аравачасидан фойдаланувчи кишиларга нисбатан ачиниш билан муомала қилманг - уларнинг қўли, боши ё елкасига қўлингизни қўйманг, кичрайтирувчи ёки эркалатувчи номлар билан мурожаат қилманг.

6. Кимнингдир ногиронлик аравачасига суяниш ёки осилиш - унинг эгасига суяниш ё осилишдек гап. Бу эса у инсонга ёқмаслиги аниқ. Ногиронлик аравачаси ундан фойдаланувчи кишининг шахсий ҳудудидир.

7. Муомалада қийинчиликларни ҳис қилувчи киши билан суҳбатлашганингизда уни диққат билан тингланг. Сабр-тоқатли бўлинг, инсон ўз сўзини тугаллашини кутинг. Унинг сўзларига тузатиш киритманг ва ўрнига гапини якунламанг. Зарурат туғилса, қисқа жавоб, имо-ишора ёки ҳаракат талаб қилувчи қисқа саволлар беринг. Унинг гапларини тушунмаётган бўлсангиз, ўзингизни худди тушунаётгандек тутманг. Нимани тушунганингизни такрорланг, бу у инсоннинг сизга жавоб беришига, сизга эса уни тушунишга ёрдам беради.

8. Ногиронлик аравачаси ёки қўлтиқтаёқдан фойдаланувчи киши билан суҳбатлашаётганингизда унинг ва сизнинг кўзларингиз бир-бирига қарама-қарши жойлашувига эътибор беринг (тепадан пастга қараб гаплашманг).

9. Қулоғи яхши эшитмайдиган инсон эътиборини жалб қилиш учун унга қўл силкитинг ёки елкасини қоқинг. Унинг кўзларига тик боқиб, аниқ ва тушунарли қилиб гапиринг. Эшитиш билан боғлиқ муаммолари бор кишиларнинг ҳаммаси ҳам лабларга қараб ўқий олмайди. Улар билан суҳбатлашаётганингизда сизга ёруғлик тушиб турганига ишонч ҳосил қилинг. Шунингдек гапираётганингизда сизни кўришга халақит берувчи нарсалар (егулик, сигарет, қўллар) бўлмаслигига ҳаракат қилинг.

10. Ўзингизни бўш қўйинг. Нотўғри гапириб қўйсангиз, уялманг, хатоингизни тўғирлашга ҳаракат қилинг.

11. Ҳар қандай ёрдамчи мослама (ҳасса, ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ ва б.) - бу кимнингдир ҳурматга лойиқ шахсий мулки. Уларни рухсатсиз олманг ва жойини ўзгартирманг.

12. Инсоннинг ногиронлиги борлигига эмас, унинг ўзига ёки муҳокама қилинаётган муаммога диққатингизни қаратинг.

13. Нима қилишни билмасангиз, сўранг. Кўпчилик ноқулай аҳволда қолгандан кўра саволингизга жавоб беришни маъқул кўради.

14. Ногиронлиги бор инсонга қандай мурожаат қилиш устида бош қотириб ўтирманг. Ногиронлиги бўлган ё бўлмаган инсонларнинг барчаси ўз исмига эга бўлади, ахир.

15. Ёдингизда бўлсин, ногиронлиги бўлган инсонлар ҳам ногиронлиги бўлмаган инсонлар қизиққан мавзу ва сюжетларга қизиқишади.

16. Нормал тонда ва тилда гапиринг. Агар кимдир баландроқ гапиришнгизни истаса, албатта бу ҳақида сўрайди.

17. Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳам барча каби ўзига ёққан ё ёқмаган, қўлидан келадиган ва келмайдиган нарсалар ҳақида билади.

18. Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳам жамият ҳаётида иштирок этишни хоҳлашади. Сизнинг ёндашувингиз бунга ёрдам беришига ишонч ҳосил қилинг.

19. Этикет билан боғлиқ бошқа масалалар сингари, хатога йўл қўйганингизда узр сўранг, сўзларингизга тузатиш киритинг, ўзингиз учун хулосалар қилинг ва суҳбатлашишда давом этинг.

 

Мавзуга оид