“Мedia plus” лойиҳаси Тошкент шаҳар ногиронлар жамоат бирлашмаси “Sharoit plus” томонидан Ёшлар ишлари агентлиги донорлигида ташкил этилган. У ногиронлиги бўлган ёшларнинг медиасаводхонлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ва иштирокчилар курсларда 2 ой давомида бепул ўқийди.

Ҳозирда Ўзбекистондаги энг нуфузли нашрларда фаолият юритаётган журналистлар, таниқли блогерлар курсларда дарс бермоқда. Kun.uz мухбири “Мedia plus” иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Фото: Media Plus

“Фарзандимга намуна бўлишни хоҳлайман” – Феруза Қурбонова

ТАТУ магистрантиман. Китоб ўқишга қизиқаман, бўш вақтларимда тўқиш ишлари билан шуғулланаман.

Курслар давомида менга энг ёққан дарс – фактларни текшириш бўлди. Ўзингизга керакли бирор маълумот ўқияпсиз, шу маълумот қанчалик рост ёки ёлғон хабарлигини аниқлаш жуда муҳим. У фейк ёки ёлғон аралашган бўлиши мумкин. Хуллас, дарсларда фактларни текшира олишни ўргандик.

Фото: Media Plus

Бундан ташқари қандай тарзда мақола ёзиш, унда қандай сўзларни ишлатиш мумкин ёки мумкин эмаслигини билиб олдик. Бизнинг фикрлашимизга анча таъсир қилди дарслар. Мақсадим ҳам шунақа – ўзимнинг билимимни ошириш, миямда тинч ухлаб ётган ҳужайраларимни уйғотиш эди. Фарзандим бор, у учун ҳамма нарсани ўрганишга тайёрман. Чунки унга намунали она бўлишни хоҳлайман. Болага намуна бўла олсангиз, “сен буни қилгин, буни қилма” дея оласиз. Шунда у сизга қараб, “сиз ўзингиз қила олмаяпсиз-ку”, демайди.

“Ёлғон тўрига тушиб қолмаслик учун нима қилиш кераклигини ўргандим” – Зуҳра Исмоилова.

18 ёшдаман, китоб ўқиш, журналистикага қизиқаман. Келажагимни ҳам шу соҳада кўраман. Ўқийман, ишлашга вақтим йўқ. Мен “Мedia plus” курсига келганимдан хурсандман, чунки медиа соҳасига оид билмаган билимларимни айнан шу курсдан оляпман.

Энг ёққан дарс – фактчекинг бўлди. Чунки ҳайрон қолардим, ёлғон хабарларни қандай қилиб аниқлаш мумкин ёки ёлғон тўрига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак деб ўйлардим. Дарслар орқали бу тўрга тушиб қолмаслик йўлларини, қандай қилиб фактларни текширишни ўргандим. Орзу қилган мақсадларимга лойиҳа орқали бирма-бир эришяпман.