Ногиронлар бензин учун тўлаб келинган имтиёздан беш ойдан буён фойдалана олмаган. Сабаби ҳозирча номаълум
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июлдаги қарори билан тасдиқланган низомга кўра, автомобиль учун бензин сотиб олишда ногирон фуқароларга тўлаб бериладиган компенсация миқдори 55 фоизга оширилди. Бироқ Kun.uz’га мурожаат қилинишича, жорий йилнинг феврал ойидан буён бу турдаги компенсациялар тўлаб берилмаган.
Айтиш мумкинки, шу пайтга қадар автомобили бўлган ногирон фуқаролар ойига 75 минг сўмдан компенсация олиб келган. Юқоридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ушбу сумма 2023 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб 116 180 сўм этиб белгиланди.
Хусусан, Булунғур туманида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Аҳлиддин Салиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, жорий йилнинг феврал ойидан буён ушбу имтиёздан фойдалана олмаяпти.
“Ҳар сафар йил бошида бошқарувимдаги автомобилга оид маълумотлар, ногиронлигим ҳақидаги ҳужжатларни тўплаб, пенсия жамғармасига топшираман. Натижада, ойма-ой менга бензин учун компенсация тўлаб бериларди. Охирги марта 2023 йилнинг январ ойида 75 минг сўм компенсация олдим. Пенсия жамғармасидагилардан сўрасам, юқоридан тўхтатилган, дейишди. Бироқ ҳеч ким бу гапни асослаб беролмаяпти”, – дейди Салиев.
Пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармаси масъул ходими бу турдаги компенсация тўловлари ҳақиқатан ҳам тўхтаб қолганини тасдиқлади. Пенсия жамғармаси вилоят бўйича 148 нафар фуқароларга компенсация маблағи ажратишни сўраб, “Ўзбекнефтгаз” АЖга хат чиқарганини билдирди.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан боғландик.
Жамиятга кўра, бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли органлардан 2 182 нафар шахс учун талабномалар келиб тушган. Мазкур талабномалар асосида жорий йилнинг апрель-июнь ойлари учун жами компенсация миқдори (938,8 млн сўм) молиялаштириб берилиши маълум қилинди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2023 йил феврал-март ойлари учун ҳам фуқароларга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлаб бериш чораларини кўриш юзасидан нефтбазаларга тегишли хат юборилади.
Эслатиб ўтамиз, шу вақтга қадар бензин учун ойма-ой тўлаб бориладиган компенсация тўловлари ҳудудий нефтбазалар томонидан молиялаштириб келинган.
Kun.uz манбасига кўра, ушбу турдаги компенсациялар тўхтаб қолишига ҳудудлардаги нефт базаларидаги талон-торожлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бир муддат аввал “Ўзбекнефтгаз” АЖ Самарқанддаги “Мароқанд нефт базаси”нинг Булунғур ва Жомбой филиалларида 73 млрд 775 млн сўмлик талон-торож ва камомад аниқлангани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
15:10 / 13.11.2024
Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024