«Эрингга эътиборли бўлгин, чунки у сенинг учун ё жаннатинг ёки дўзахингдир». Азиз муслима опа-сингиллар, мурожаатимиздан англадингизки, бу мавзуимиз сиз азизларнинг оиладаги ўрнингиз, аёллик ва оналик вазифаларингизни нечоғлик тўла-тўкис адо этиш билан, кўнглингизда пайдо бўладиган икки дунё саодатидан умидворлик ҳисси устида бўлади.

Маълумки, оила ҳам жамиятнинг кичик бир бўлаги бўлиб, унда аёлнинг ўрни беқиёсдир. Аёл оиланинг фариштаси, сарамжон-саришта уй бекаси. Аёл жисмонан эркакларга нисбатан заиф бўлса ҳам, оиланинг юкини кўтара олишга қодир. Аммо унинг кўнгли нозик ва таъсирчан бўлгани сабабли шунча юкни кўтарган аёл эри ва оила аъзоларининг салгина қўпол муомаласи ёки оиладаги бирор вазият юзасидан берган танбеҳини кўтара олмаслиги мумкин. Чунки аёл оиладаги беҳисоб ташвишлар ва уй-рўзғор юмушларидан чарчаши туфайли шундай ҳолатга тушиши табиий. Бундай вазиятда эри уни тўғри тушунган ҳолда хотинига нисбатан яхши муносабатда бўлиши лозим. Чунки оиладаги муносабатлар икки тарафлама бўлиб, эркак ва аёлнинг ўзаро мослашувига асосланади. Шунинг учун ҳам эр-хотинлик муносабатлари бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва оиладаги ўринларини тўғри англашлари асосида шаклланади. Бунда, айниқса, аёлнинг эрига итоатли ва оила аъзоларига гўзал муносабатда бўлиши муҳим ўрин тутади. Аёл кишининг эрига итоаткорлигини опа-сингилларимиз тўғри англаб етишлари ва бунга амал қилишлари ҳақида шариатимизда кўплаб тавсиялар берилган. Улардан энг асосийлари эрнинг аёли устидаги ҳақ-ҳуқуқлари бўлиб, булар жумласига амали солиҳ ишларда унга итоат қилиши, эрининг мол-мулкини асраб-авайлаши, эр-хотинликдаги нозик муносабатларда ўта ҳушёр бўлиши, эрининг истагини ҳеч қачон рад қилмаслиги кабилар киради.

Аввало, муслима опа-сингилларимиз шуни яхши англаб олишлари керакки, Ислом динида аёлнинг эрига итоат қилиши, бу – шариатга итоат қилиши демакдир. Аммо эркак шариатга хилоф ишларни буюрганида, аёлнинг ўз эрига итоат қилмасликка ҳақи бор. Зеро, Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яратганга гуноҳ бўлган ишларда махлуққа (бирон кимсага) итоат қилинмайди», деганлар. (Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

Кўпчилигимиз эр ва хотинлик энг муқаддас инсоний алоқалар эканини яхши биламиз. Аммо бу алоқаларни тўғри йўлга қўйишда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга амал қилиб иш тутишимиз лозим. Аёл киши турмушга чиққач, эрининг измида бўлади, энди у ота-онасидан кўра кўпроқ эрига итоат этиши лозим. Агар эр тўғри йўлда бўлиб, хотинига нисбатан ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажарса, хотини унга итоатсизлик қилиши гуноҳдир. Аёл  эрининг изнисиз, ҳуда-беҳудага уйидан чиқиши жоиз эмас. Аммо зарурият юзасидан, ота-онасининг зиёрати учун, айниқса, бемор ота-онасига зарур бўлиб қолганда чиқишига шаръий жиҳатдан ҳеч қандай монеълик йўқ. Эр-хотинлик муносабатларида шундай ҳолатлар ҳам бўладики, эркак киши аёлининг эҳтиёжларини доим қондириб юради, лекин куни келиб бирор сабаб билан унинг хоҳлаган нарсасини олиб бера олмаса, аёл дарҳол эрининг барча яхшиликларини унутиб: «Сендан нима кўрдим», дейди. Бу аёл кишининг нафақат эрини қадрламаслиги, балки ношукурлик қилиб, эрининг барча яхшиликларидан кўз юмишидир. Бундай ҳолатларда аёлнинг ўйламай-нетмай айтган бир оғиз гапи ҳам, унинг дўзах аҳлларидан бўлиб қолиши учун етарли сабаб эканлиги қуйидаги ҳадиси шарифдан англашилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: