01:12 / 27.02.2018
10610

ЁИ марказий кенгаши раиси “KONTEKS-OLTINKO’L”да 30 нафар ёшга меҳнат дафтарчаси топширди

Фото: KUN.UZ

Андижон вилояти Олтинкўл туманида фаолият юритаётган “KONTEKS-OLTINKO’L” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонасида 700 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланган бўлиб, буларнинг 80 фоизи ёшлардир. Ишлаб чиқариш корхонасининг Олтинкўл, Пахтаобод ва бошқа туманлардаги филиалларида жами 1300 нафардан зиёд ёшлар ишламоқда.

Фабрикада ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотларининг 90 фоизини Франция, Польша, Россия, Литва ва Белоруссия каби Европа давлатларига экспорт қилаётган “KONTEKS” жамияти ички бозоримизни сифатли кийимлар билан тўлдиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Корхонанинг 2017 йилда экспорт ҳажми 12,3 млн АҚШ долларга тенг бўлди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан ҳудуддаги маҳаллаларда ишсиз юрган ёшлар билан уюштирилган учрашувлар давомида “KONTEKS”да ишлаш ниятида бўлган 30 нафари аниқланди.

Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев корхонада бўлиб, ишга қабул қилинаётган йигит-қизларга меҳнат дафтарчаларини топширди. Тадбирда туман ҳокими Бахтимурод Каримов ва мутасаддилар иштирок этдилар.

Қаҳрамон Қуронбоев муассасада ишчиларга яратилган шароитлар билан танишиб, ишга қабул қилинган 30 нафар янги ходимга Ёшлар иттифоқи томонидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат ташкил қилинишига ваъда берди. Ёшлар етакчиси бундан ташқари, “KONTEKS” раҳбари Азимжон Норметовга корхонадаги мавжуд кутубхона Ёшлар иттифоқи томонидан китоблар билан тўлдирилишини ҳам билдирди.             

“Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга талаб ошиб бориши натижасида унинг кўламини кенгайтириб боряпмиз, бу эса ўз ўрнида янги иш ўринларини яратишга замин бўлмоқда ”,- “KONTEKS” мутасаддиси Азимжон Норметов. “Шу йилнинг ўзида яна 110 нафар янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган”

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top