Спорт | 21:50 / 28.02.2018
5548
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида спорт турлари учун Олимпия базалари барпо этилади

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Бугун, 28 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон спорт федерация ва ассоциациялар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этишди. 

«Ушбу йиғилишни ташкил қилишдан мақсад - спорт федерациялари билан ҳамкорликда йиллик тақвим режасини қайта кўриб чиқишимиз лозим. Бундан буёғига тақвим режага алоҳида эътибор қаратилади. Қайси спорт тури йил давомида нечта халқаро мусобақа ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади? Қолаверса, турли ёш тоифаларида нечта маҳаллий мусобақалар ташкил этилади? Тақвим режасини тасдиқлашимиздан олдин шу каби саволларга аниқ ва равшан жавобларни билиб олишимиз лозим. Яна бир муҳим жиҳати, спорт турлари орасида маблағларни тақсимлашда шаффофликни йўлга қўйишимиз керак. Давлат томонидан спортга жуда катта маблағлар киритилмоқда. Бу халқнинг пули, уни беҳуда сарфлаб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, сарфланадиган ҳар бир сўм ҳисобда бўлади», – деган Умид Аҳмаджонов.

«Яқин орада муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланадиган қарорга кўра, бир қатор вилоятларда, жумладан тоғли ҳудудларда спорт турлари учун Олимпия базалари барпо этилади. Дзюдо, бокс, спорт курашлари, каратэ, таэквондо, қиличбозлик каби спортнинг яккакураш турларида жамоавий мусобақаларни йўлга қўйишимиз лозим. Ҳар бир вилоятнинг ўз терма жамоаси бўлсин. Улар ўртасида мунтазам равишда мусобақалар ташкил этиш орқали биз мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини ошира оламиз. Оммавийликни оширмай туриб, катта спортда бирор-бир натижага эришиб бўлмаслигини бу ерда ўтирган мутахассислар жуда яхши билишади», дея ўз сўзини давом эттирган МОҚ раҳбари.

Маълум қилинишича, энди Ўзбекистондаги Олимпия захиралари коллежлари терма жамоалар базаларига айлантирилади. Уларнинг ҳар бирида Олимпия марказлари ташкил этилади ва ушбу марказларда спортчилар 24 ёшгача спорт билан шуғулланиш билан биргаликда, терма жамоа мураббийларининиг доимий назоратида бўлишади. Олимпия марказлари миллий терма жамоалар учун муносиб номзодларни етказиб бериш билан шуғулланади. Миллий олимпия қўмитаси эса Олимпия захиралари коллежларида барча керакли шароитларни яратиб беради. Уларнинг аксарияти капитал таъмирдан чиқарилади.

Ўз навбатида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов федерациялар учун лозим бўлган барча спорт анжомлари имкон даражасида олиб берилиши, ўқув-машғулотлар базалари таъмирдан чиқарилишини маълум қилди.

«Зарур бўлган техник жиҳозлар, керакли инвентарлар билан таъминлаймиз. Биринчи навбатда Олимпия захиралари спорт коллежига олиб берамиз. Чунки улар терма жамоаларимиз асоси ҳисобланади», деган Шоакрам Исроилов.

Шунингдек, йиғилиш давомида МОҚ Президенти бундан буён Жисмоний тарбия институтига, Олимпия захиралари коллежларига қабул жараёнларида федерациядаги мутахассисларнинг роли катта бўлишини таъкидлаб, кимда қандай таклиф ёки муаммолар бўлса қабул қилишга тайёр эканлигини айтди.

Йиғилиш давомида федерациялар вакиллари билан шарт-шароитлар, олдинда турган мақсад ва вазифалар ҳамда штат жадваллари борасида муҳокама бўлиб ўтди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид