Ўзбекистон | 08:10 / 01.03.2018
25088
3 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазири йиғилиш ўтказди, овқатлантириш масаласи муҳокама этилди

Мактабгача таълим вазири раҳбарлигида Тошкент шаҳар  ва Тошкент вилояти мактабгача таълим бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда Мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни йўлга қўйиш, туман мактабгача таълим бўлимлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда тизимда кадрларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳисобини юритиш аҳволи атрофлича муҳокама этилди.

Фото: Мактабгача таълим вазирилиги ахборот хизмати

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг   2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 3-бандига кўра Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишларини эксперимент тарзида амалга ошириш белгиланган. Бу борада фақатгина Сергели туманидаги 18-мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларни овқатлантириш бўйича  эксперимент ўтказиш ишлари бошланганлиги кўрсатиб ўтилди. Аммо, Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида бу борадаги ишларда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги танқид остига олиниб, мутасаддиларга қисқа муддатда камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Фото: Мактабгача таълим вазирилиги ахборот хизмати

2018 йилнинг 13-14 март кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ”да Мактабгача таълим тизимида озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомларни етказиб бериш бўйича  тўғридан-тўғри шартномалар тузишни ташкил этиш юзасидан тегишли ҳамкор ташкилотлар билан кўргазмани юқори савияда ташкил этиш юзасидан  ҳам вазифалар белгиланди. 

Фото: Мактабгача таълим вазирилиги ахборот хизмати

Йиғилишда шунингдек, мактабгача таълим бўлимлари фаолиятини ташкил этиш ва кадрларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ҳисобини юритиш юзасидан ўтказилган ўрганишлар аҳволи таҳлил этилди. Жумладан, бу борада Олмазор ва Шайхонтохур туман мактабгача таълим бўлимларида жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда тизимида бу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Фото: Мактабгача таълим вазирилиги ахборот хизмати

Тадбирда  Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, айрим мактабгача таълим муассасаларида ҳали-ҳануз туман мактабгача таълим бўлими йўлланмасисиз болаларни қабул қилиш ва сақлаш ҳолатлари мавжудлиги, болалар таъминоти учун тўланадиган тушумлар МТМ ҳисоб рақамига кирим қилинмаётганлиги ҳамда ҳисобсиз тарбияланувчилар бошқа болалар ҳисобидан овқатланаётганлиги қаттиқ танқид остига олиниб, бу борада прокуратура органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган  чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мавзуга оид