“Сиқилиб кетса-да амаллаб етиб олади” – она шундай ўйда 57 нафар бола қўй каби устма-уст ортилган 8 ўриндиқли машинага ўз фарзандини 58-йўловчи қилиб миндириши фожиа. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги шунча вақтдан буён айтиб келинаётганига қарамай масалага арзирли ечим топмагани, умуман, болалар ҳаётига бефарқларча муносабатда бўлаётгани яна бир фожиа. Нурота туманида 13 нафар боғча боласини ташиб кетаётган Matiz аварияга учрагани эса ҳақиқий фожиа. 

Кунида синган кўза

Kun.uz бундан роппа-роса бир йил аввал болаларни боғчаларга ташишда Damas машиналари автобусга айлантирилаётгани ҳақида лавҳа тайёрлаб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бу борадаги ҳаракатсизлигини танқид остига олганди. Бироқ бўй-басти билан кўриниб турган муаммони кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олган вазирлик ўтган даврда ушбу масалага арзирли ечим тополмади. Номигагина ўтказилган айрим тарғибот тадбирлари эса бировга чивин чаққанчалик таъсир қилмади.

Бундай эътиборсизлик ўз сўзини айтди: Навоий вилоятининг Нурота туманида 13 нафар боғча боласини олиб кетаётган Matiz йўл транспорт ҳодисасига учради.

Ҳодиса 5 май куни эрталаб содир бўлган. Тумандаги оилавий боғчалардан бирининг раҳбари бўлган 34 ёшли аёл ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда 13 нафар тарбияланувчи ва ўзининг 3 ойлик чақалоғини Matiz машинасига миндириб ташиган.

Аёл болаларни яшаш хонадонларидан боғчага олиб кетаётган бўлган. У ҳаракат пайтида бошқарувни йўқотган ва машина йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Оқибатда аёл вафот этган, болалар эса турли даражада тан жароҳатлари олган. Ҳатто бир бола кома ҳолатига тушиб қолган.

8 ўриндиқда 58 бола

Нуротадаги ҳолатдан сўнг ҳудудлардаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари болаларни ташиш билан боғлиқ аниқланган ҳолатларни эълон қила бошлади. Ва жараёнда вазият бир йил аввалгисидан ҳам ёмонлашгани маълум бўлди.

Аввалига Самарқандда ҳайдовчи Damas’да 28 нафар болани ташиб кетаётгани аниқланди. Андижондаги ҳолат эса бу борада “рекорд” ўрнатди: Избоскан туманида 8 ўриндиқли микроавтобусда 20 эмас, 30 эмас, 58 нафар болани олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди. Ҳайдовчи давлат-хусусий шериклик асосидаги «Хадичабегим» боғчасининг 58 нафар тарбияланувчисини олиб кетаётган бўлган.