Пойтахт жамоат транспортини субсидиялаш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2018 йилдаги 136-сон «Тошкент шаҳрининг шаҳар ташиш йўловчи транспорти ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.uz.
Тошкент шаҳрида транспорт ташувларининг тарифлари кескин ўсишига йўл қўймаслик учун, шу жумладан дизель ёнилғисининг қимматлашуви муносабати билан 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилмоқда.
Маблағларни Молия вазирлиги «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан 2017 йилда сотиб олинган ва 2018 йилда сотиб олинадиган дизель ёнилғиси қийматидаги нарх тафовутини қоплаш учун ажратади.
Субсидияларни ажратиш ва олиш тартиб-таомиллари
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳар ойда Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
• «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари бўйича сотиб олинган дизель ёнилғиси миқдори ва қиймати тўғрисидаги ахборотни;
• «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотларининг ҳамда нефть маҳсулотлари сотишни амалга оширувчи «Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг ташкилотлари муҳри ва масъул шахслари имзолари билан тасдиқланган, олинган дизель ёнилғисининг счёт-фактураси;
• юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомалари бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган соатбай ва бошқа тижорат ташувларида фойдаланилган дизель ёнилғиси қийматининг ҳисоб-китобини;
• «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан сотиб олинадиган дизель ёнилғисининг 15.11.2017 йилдан бошлаб белгиланган қийматидаги тафовутнинг ҳисоб-китобини.
Юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг шакллари қарор билан тасдиқланган.
Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Молия бош бошқармаси юқорида кўрсатилган ҳужжатлар олингандан кейин 3 кун муддатда Тошкент шаҳар Давлат молия назорати бошқармаси билан биргаликда, субсидиялар ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли хулосани тайёрлайди ва уни барча зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда Молия вазирлигига юборади.
Молия вазирлиги субсидиялар ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли хулоса олингандан кейин бир ҳафта муддатда уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга ажратилишини таъминлайди, бу тўғрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖни ёзма шаклда хабардор қилади. Хабарномада ажратилган субсидиялар суммаси, ажратиш санаси ҳамда субсидиялар унинг учун ажратилган ҳисобот даври кўрсатилади.
Ҳужжат 23.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
17:04 / 15.11.2024
Уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш тартиби ўзгарди
09:10 / 15.11.2024