Футбол клуби асосчиси жамоасининг тарихий ғалабасидан хурсандчиликда ҳаётдан кўз юмди
Франциянинг “Шамбли” футбол клуби асосчиси Вальтер Лузи жамоасининг Франция кубоги яримфиналига чиққанидан бир неча соат ўтиб ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда клубнинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
28 февралда Лузи ўз жамоасининг Франция кубоги чоракфиналида “Страсбур”га қарши учрашувини бевосита майдонда кузатган. “Шамбли” 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида илк марта мусобақанинг яримфиналига йўл олган. “Мен аминманки, у ўз жамоаси ғалабасини кўрди ва бу унинг умридаги охирги ва энг катта хурсандчилиги бўлди”, деб айтган учрашув ҳаками Николас Рейнвилл.
Лузи жамоасининг ғалабасига шунчалик хурсанд бўлганки, охир-оқибат ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Чақириқ бўйича келган шифокорлар ҳеч нарса қила олишмаган ва Лузининг юрак етишмовчилигидан вафот этганини қайд қилишган.
Лузи 77 ёшда бўлган. У клубни ўғиллари Флавио ва Бруно билан 1989 йилда ташкил этган. Клуб ўз иштирокларини 5-ҳудудий дивизиондаги ҳаваскорлик мусобақасидан бошлаган. Айни вақтда жамоа Франциянинг кучлилиги бўйича 3-дивизионида иштирок этади ва мусобақа жадвалида охиргидан битта олдинги – 16-ўринни эгалламоқда.
Жамоа раҳбарияти Лузининг номи абадийлаштирилиши ва жамоага омад кулиб боқиши давом этса, Франция кубогидаги кейинги ғалабалари унга бағишланишини айтган.