Ўзбекистон | 20:00 / 07.03.2018
32192
2 дақиқада ўқилади

Бобомурод Абдуллаев иши. Суд тиббий экспертизаси ўтказилади

7 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Суд мажлисида хорижий ва маҳаллий ОАВ мухбирлари, мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари, дипломати корпус вакиллари ҳамда судланувчиларнинг яқин оила аъзолари иштирок этди.

Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси З. Нурматов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари С. Турапова ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Иш бўйича раислик қилувчи З. Нурматов суд мажлисини очди ва судланувчилар Б. Абдуллаев, Ҳ. Насреддинов, Ш. Оллоёров ва Р. Салаевларга нисбатан жиноий иш эшитилаётганини эълон қилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми бўйича айбланмоқда.

Суд томонидан суд жараёни иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилди, суд таркиби, томонлар эълон қилинди, рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилди, судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланди, иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Суд терговини бошлашдан олдин раислик этувчи аризалар ва илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлади.

Адвокат С. Майоров томонидан судланувчига нисбатан суд-тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритилди. Илтимосномада судланувчига нисбатан тергов пайтида жисмоний тазйиқ ўтказилгани, у турли хил қийноқларга солингани баён этилган. Ушбу илтимоснома тегишли тартибда суд томонидан қаноатлантирилди. 

Кейинги суд мажлиси суд-тиббий экспертизаси хулосаси олинишига қадар қолдирилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид