Жаҳон | 23:30 / 07.03.2018
13349
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг яхши меъмори номи маълум қилинди

Фото: Sveriges Arkitekter

XX асрнинг энг нуфузли меъморларидан бири Балкришна Доши 2018 йилнинг Притцкер мукофоти совриндори бўлди. Бу ҳақида 7 март куни мукофот расмий сайтида маълум қилинди

Ҳакамлар ҳайъати Дошининг ҳеч қачон замонавий тенденцияларга кўр-кўрона эргашмаслигини алоҳида қайд этиб, архитектор ишининг жиддийлигига эътибор қаратди. У мазкур мукофотга сазовор бўлган биринчи ҳинд меъмори бўлди. 

Доши 1927 йилда дунёга келган, унинг соҳадаги  тажрибасига 70 йил бўлди. У Vastu-Shilpa бюросини бошқаради ҳамда меъморчилик модернизми ва функционализми пионери Ле Корбюзье билан қўшма лойиҳалар устида ишлаган. 

"Менинг ишларим — менинг ҳаётим, фалсафам ва орзуларимнинг давоми, меъморчилик нафаси дурдонасини яратишга бўлган уринишларим, - дейди Доши. - Бу мукофот учун Ле Корбюзьедан миннатдорман".

Дошининг асосий лойиҳалари — ўзи асос солган ва лойиҳалаштирган Аҳмадобод меъморчилик мактаби (1966) ҳамда Индорадаги 80 минг кишига мўлжалланган ҳамёнбоп турар-жой комплекси. 

Профессор Балкришна Дошига мукофотни топшириш расмий маросими 2018 йилнинг 16 май куни Канаданинг Торонто шаҳрида бўлиб ўтади. 

Притцкер мукофоти — ҳар йили меъморчилик соҳасидаги ютуқлари учун топширилувчи мукофот, Нобель ва "Оскар" мукофотларининг ўзига хос муқобили ҳисобланади. Мукофот 1979 йилда Жей Притцкер томонидан таъсис этилган. У Притцкерлар оиласи томонидан бошқарилувчи Hyatt фонди томонидан молиялаштирилади (Hyatt меҳмонхоналар тармоғи ҳам шу оила вакилларига тегишли).

Мукофот совриндори анъанага кўра 100 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти ва бронза медаль билан тақдирланади.