Жаҳон | 19:57 / 08.03.2018
12987
2 дақиқада ўқилади

Каддафий тузумининг Бельгиядаги ҳисоб-рақамларидан миллиардлаб евролар йўқолгани аниқланди 

Фото: DPA/ТАСС

БМТнинг қарори билан 2011 йилда музлатилган, Ливиянинг Бельгиядаги Euroclear Bank банкидаги ҳисоб-рақамларида сақланган маблағларидан 10 млрд евродан кўпроғи 2013-2017 йилларда йўқолиб қолган. Бу ҳақда Le Vif нашри хабар бермоқда. 

Мақолада тушунтирилишича, бу маблағлар Ливиянинг собиқ етакчиси Муаммар Каддафий яқинлари томондан назорат қилинган.

2013 йил 29 ноябрь ҳолатига кўра, Libyan Investment Authority ва Libyan Foreign Investment Company компаниялари учун очилган 4 та ҳисоб рақамида 16,1 млрд евро бўлган.

Бельгия ҳукумати 2017 йил кузда пул ювиш бўйича тергов доирасида 16 млрд еврога тақиқ қўйилмоқчи бўлганда бу маблағлардан анчагина қисми йўқлигини аниқлаган. Аниқланишича, ҳисоб рақамларда 5 млрд евродан сал кўпроқ пул бўлган. 

Бироқ Бельгия молия вазирининг айтишича, Бельгия бу ҳисоб рақамлардан тақиқни олмаган. 

Нашр маълумотларига кўра, энди Бельгия бу ҳисоб рақамлар музлатилишини тўғри назорат қилгани-йўқлиги борасида савол юзага келган.

Муаммар Каддафий Ливияни 40 йилдан кўпроқ бошқарган ва 2011 йил октябрда исёнчилар томондан ўлдирилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид