Жамият | 08:39
732
2 дақиқада ўқилади

Брюсселда ўзбекистонлик фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди

Бельгия шифокорлари ва Ўзбекистон дипломатларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли оғир аҳволга тушган ўзбекистонлик фуқаро муваффақиятли даволаниб, ватанга қайтарилди.

Фото: dunyo.info

Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган Ўзбекистон фуқароси В.А. Нидерландияда қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтда соғлиғида жиддий муаммолар юзага келган. Маълум қилинишича, ўткир тиш инфекцияси пайтида ўз вақтида малакали тиббий ёрдамга мурожаат қилинмагани оқибатида оғир яллиғланиш жараёни келиб чиққан.

Фуқаро Брюссель шаҳри орқали Ўзбекистонга қайтиш вақтида аҳволи кескин ёмонлашган ва зудлик билан Сент-Люк университет клиникасига ётқизилган. Шифокорлар бемор аҳволини критик деб баҳолаган.

Клиника мутахассислари томонидан иккита мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Узоқ вақт давомида бемор сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ҳолда жонлантириш бўлимида даволанган.

Фуқаро шифохонага ётқизилган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистон элчихонаси ходимлари беморнинг қариндошлари, шифокорлар ва клиника маъмурияти билан доимий алоқада бўлган. Элчихона томонидан зарур консуллик ва ташкилий ёрдамлар кўрсатилиб, унинг даволаниши ҳамда кейинчалик Ватанга қайтиши тўлиқ назорат қилинган.

Бельгия шифокорларининг юқори малакаси, тезкор тиббий ёрдам ва ўзбек дипломатларининг амалий кўмаги туфайли фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳозирда В.А. Ўзбекистонда бўлиб, оиласи бағрида соғлиғини тиклаш ва даволанишни давом эттирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид