Спорт | 21:40 / 10.03.2018
13341
2 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов: «Бундай дербилар футболнинг безаги ҳисобланади»

Фото: KUN.UZ

Суперлига 2-туридан ўрин олган «Тошкент дербиси» сифатида эътироф этиладиган «Бунёдкор» – «Пахтакор» (1:0) учрашувини бевосита стадионда кузатиб борган ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Тошкент дербиси»ни стадионда томоша қилдим. Футболимиз уйғоняпти, ҳар бир учрашувни стадионга келиб томоша қилиш инсонга катта завқ бағишлаяпти. Умуман футболни яхши кўрган одам бу мавсумда имконияти бўлса албатта стадионга келиб футбол кўрса, ҳеч ҳам афсусланмайди.

Бугун жуда чиройли футбол гувоҳи бўлдик. Бундай дербилар футболни безаги ҳисобланади ва уни айнан шундай курашларга бой, ҳалол руҳда ўтганидан барча мухлислар хурсанд бўлишди.

Бундай ўйинлар орқали мухлислар яна футболга меҳр қўйишади ва ўзбек футболи тўғри йўлдан кетаётганига ишонишади. Умуман олганда, Суперлиганинг барча ўйинлари ана шундай кўтаринки руҳда ўтаётганини таъкидлаб ўтиш керак.

Мавсум олдидан ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳакамлар билан учрашиб, ҳар бир учрашув адолатли, ҳалол ва энг муҳими сифатли ҳакамлик билан бошқарилиши кераклиги ва айнан шу йўл орқали биз мухлисларни стадионларга қайтаришимиз кераклиги ҳақида айтиб ўтган эдилар. Бугун барчамиз бу сўзларни амалда қўлланилганини гувоҳи бўлдик» - деди Эрматов.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид