Спорт | 20:40 / 12.03.2018
10934
2 дақиқада ўқилади

Фото: «МЮ» мухлисига тупурган Каррагер ишдан четлатилди

«Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси, айни вақтда Sky Sports телеканалида эксперт сифатида ишлаб келган Жейми Каррагер «Манчестер Юнайтед» фанати ва унинг 14 ёшли қизи билан содир бўлган ҳодиса туфайли ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Sky Sports хабар тарқатди.

10 март куни ўтказилган «МЮ» — «Ливерпуль» (2:1) ўйинидан кейин манкунианликлар жамоаси мухлиси автомашинасида Каррагернинг автомобилини ёнига келиб, унга ҳайқира бошлашган: «Жейми, 2:1». Бунга жавобан Каррагер ойнани очган ва ёндаги машинага қарата тупурган. Фанатнинг сўзларига кўра, Каррагернинг тупуги унинг 14 ёшли қизи юзига теккан.

Каррагер кейинроқ мухлис ва унинг қизидан узр сўради. У воқеаниннг жуда хунук эканини эътироф этган ҳолда, жонли эфирда «жабрланган» оилага қўнғироқ қилди. 

«Мен бу ишни қилишим керак эмас эди. Бир нарса икки-уч марта такрорлангандан кейин, ўзимда эмас эдим. Ақлимни йўқотиб қўйдим. Сизлардан узр сўрайман, ўйлайманки, муаммо йўқ», – деди жонли эфирда оила билан алоқага чиққан Жейми Каррагер. 

Қиз Каррагернинг узрини қабул қилди, аммо Sky Sports раҳбарияти «Ливерпуль»нинг собиқ футболчисини кечирмади.

Эслатиб ўтамиз, Жейми Каррагер «Ливерпуль» тарбияланувчиси ва афсонаси ҳисобланади. У 17 йил давомида клуб шарафини ҳимоя қилиб, 500дан ортиқ ўйинларда майдонга тушган. 

Англия Премьер Лигаси 30-тур доирасида «Ливерпуль» шанба куни ашаддий рақиби «Манчестер Юнайтед» меҳмони бўлган ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ўша ўйинни Каррагер студияда туриб, таҳлил қилган ва ўзининг тан олишича, кайфияти жуда тушиб кетганди.

 

Мавзуга оид