Спорт | 19:10 / 12.03.2018
16806
5 дақиқада ўқилади

«Локомотив» қўшимча дақиқаларда ўтказилган голлар туфайли ютқазди

Осиё чемпионлар лигасининг 4-тури доирасида Тошкентнинг «Локомотив» клуби Қатарнинг «Ад-Дуҳаил» клубини қабул қилди ва ўйиннинг охирги дақиқаларида ўтказилган икки гол туфайли мағлубиятга учради.

Учрашувнинг 18-дақиқасида меҳмонлар ўйиндаги дастлабки энг хавфли вазиятни юзага келтиришди. Бурчакдан етказиб берилган тўпга Луис Жуниор бош билан зарба берди. Игнатий Нестеров дарвозага кириб кетаётган тўпни катта қийинчилик билан қайтариб қолди. 24-дақиқада Сардор Рашидов «қайчи» услубида зарба беришга уриниб кўрди, лекин тўп дарвозага кирмади.

35-дақиқага келиб ниҳоят ўйинда ҳисоб очилди. Чап қанотдан Икром Алибоев бошлаган комбинацияни ўнг қанотда Шоаҳмедов ҳужумга қўшилган Шуҳрат Муҳаммадиевга етказиб берди. Ҳақиқий латералларга хос ҳаракат қилган Муҳаммадиев тўпни марказда бўш турган Сардор Рашидовга етказиб берди. Рашидов тўпга тегиниб қўйиш орқали чиройли комбинацияни чиройли гол билан якунлади.

Фото: KUN.UZ

Шундан сўнг тўлиқ устунлик «Локо» тарафига ўтди. Аввалига Санжар Шоаҳмедов қулай имкониятда зарба беришга кечикиб вазиятни кўкка совурган бўлса, 38-дақиқада Икром Алибоевнинг узоқдан берган зарбасини дарвозбон қийинчилик билан қайтарди. 39-дақиқада эса «темирйўлчилар» 100 фоизлик имкониятни кўкка совурди. Икром Алибоевнинг ажойиб пасидан сўнг Марат Бикмаев кучли зарба берди. Дарвозабон тўпни қайтарди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Ислом Тўхтахўжаев 1,5-2 метрдан бўш қолган дарвозага гол ура олмади. Биринчи бўлимнинг сўнгида Марат Бикмаевда гол киритиш учун яна қулай имконият бўлганди. Аммо Марат бу вазиятдаан фойдалана олмади. Шу тариқа биринчи бўлимда бир қатор вазиятлар яратилган бўлсада, бош гол киритилмади.

Фото: KUN.UZ

Иккинчи бўлимда устунлик меҳмонлар тарафга кўчди ва улар кўпроқ вазият яратишди. 63-дақиқада Нам Тэ Ҳи 18-20 метрлар масофадан белгиланган жарима зарбасини чиройли амалга оширганди. Бироқ бу сафар ҳам Нестеров узоқ бурчакка кетаётган тўпни қайтариб юборди. 75-дақиқада яна «Дуҳаил» жарима тепиш имкониятига эга бўлди. Бироқ бу сафар жонли деворда турган Олег Зотеевга теккан тўп йўналишини ўзгартирди.

«Локомотив»да иккинчи бўлимда ягона имконият 81-дақиқада юзага келди. Диёр Туропов чап қанотдан етказиб берилган тўпни қабул қилиб олиб кучсиз зарба берди. Дарвозабон бу тўпни эгаллаб олди.

Меҳмонларнинг босими сўнгги дақиқаларда иш берди. Захирадан майдонга тушганига бир дақиқа ҳам бўлмаган Салим Мустафоев жарима майдони ичида хатога йўл қўйди ва рақиб футболчисини йиқитди, ҳакам иккиланиб ўтирмасдан пенальти белгилади. Юсуф ал-Арабий вазиятдан унумли фойдаланди. Бу Салимнинг ягона хатоси эмасди. Ҳужумга отланган «Локо» қарши ҳужумни ўтказиб юборди. Яна бир марта Салим Мустафоев тўпни тепиб юбориш ўрнига рақибга топшириб қўйди. Майдон марказидан бир ўзи келган ал-Арабий яна битта гол уриб, жамоасининг иродали ғалабасини таъминлади.

Фото: KUN.UZ
Фото: KUN.UZ
Фото: KUN.UZ

Осиё чемпионлар лигаси
4-тур

«Локомотив» — «Ад-Дуҳаил» 1:2 (1:0)
Гол: 
Сардор Рашидов (35) — Юсуф ал-Арабий (90+1, 90+4).
«Локомотив»: 1. Игнатий Нестеров, 33. Олег Зотеев, 5. Кахи Махарадзе, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 28. Шуҳрат Муҳаммадиев (17. Салим Мустафоев, 88), 22. Санжар Шоаҳмедов (77. Диёрбек Туропов, 79), 7. Садриддин Абдуллаев, 9. Икромжон Алибоев, 27. Сардор Рашидов (6. Нивалдо, 66), 15. Сардор Мирзаев, 10. Марат Бикмаев.
«Ад-Дуҳаил»: 50. Носир ал-Язидий, 4. Лукас Мендес, 15. Бассам Ҳусҳам, 18. Султон ал-Брак, 2. Муҳаммад Муса (22. Мурод Нажий, 67), 28. Юсуф Мсакни, 12. Карим Будиёф, 6. Даме Траоре, 10. Нам Тэ Ҳи, 8. Луис Жуниор (19. Али Муаз, 81), 9. Юсуф ал-Арабий.
Огоҳлантиришлар: Муҳаммад Муса (23), Кахи Махарадзе (73), Олег Зотеев (90+1).

Фото: KUN.UZ
srfhjhdouotihf424758945-7.jpg (800×533)
Фото: KUN.UZ

Мавзуга оид