Ўзбекистон | 09:15 / 13.03.2018
13981
3 дақиқада ўқилади

Генерал-майор Пўлат Бобожонов Тожикистон ИИВ раҳбари билан учрашди

Фото: mvd.uz

2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида делегация таркибига киритилган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов билан Тожикистон Республикаси ички ишлар вазири милиция генерал-полковниги Р.Раҳимзода ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берган.

Учрашув давомида терроризм, сепаратизм, экстремизмнинг турли кўринишлари, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдосига қарши курашиш, шунингдек, тезкор ахборот алмашишни фаоллаштириш юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилинди.

Муҳокама қилинган масалалар ҳар икки қардош мамлакат ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорликдаги устувор вазифаларидан бири бўлиб қолишини икки давлат идора раҳбарлари алоҳида қайд этдилар.

Ўз навбатида П.Бобожонов, юқори даражадаги ўзбек-тожик муносабатларини алоҳида таъкидлаб, ҳамкасбига илиқ, самимий қабул ва тақдим этилган ахборотлар учун миннатдорчилик билдирди.

Бундан ташқари, суҳбат давомида тожик ҳамкасблар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида, шу жумладан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси доирасида амалга оширилаётган юқори миқёсдаги ислоҳотларнинг бориши ҳақида хабардор бўлдилар.

Томонлар идоралараро Мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи фаолияти юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни самарали ташкил этишни давом эттириш, 2018 йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларининг чегара ҳудудларидаги ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлиги, икки мамлакат ички ишлар вазирликлари Академиялари делегацияларини алмашиш йўли билан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш бўйича шериклик муносабатларини кенгайтириш юзасидан қатор таклифларни кўриб чиқдилар.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожоновга Тожикистон Республикаси ИИВ “Хавфсиз шаҳар” автоматлаштирилган бошқарув тизими марказининг иш жараёни, шунингдек, ушбу хизмат ходимларининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибни сақлаш борасидаги фаолиятлари намойиш этилди. 

Мавзуга оид