– Мана, ўқишни тугатяпсан. Қаерда ишламоқчисан?

– Имкони бўлса, шаҳардан бирор иш топаман. Қишлоқда ишлаш осонмас...

Тан олайлик, шу мазмундаги суҳбатларга кўпимиз гувоҳ бўлганмиз. Аммо ҳамма шаҳарда қолаверса, қишлоққа ким боради? Ахир қишлоқда яшаётганлар ҳам сифатли таълим олишга, тиббий хизматдан фойдаланишга, хуллас, яхши яшашга ҳақли-ку? Назаримизда, ёш кадрларни қишлоққа олиб борувчи омиллардан бири — уларга ўша ҳудудда аввало, қулай шароит яратиб беришдир.

Қўшработ Самарқанднинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Мазкур туманнинг географик жойлашуви сабабли олис қишлоқларда аҳолига қулай шароит яратиб бериш, айниқса, тиббий хизмат кўрсатиш осон эмас.

Аммо давлатимиз раҳбарининг айнан мана шундай чекка-чекка ҳудудларда ҳам халқимизга қулайлик яратиш мақсадида чиқараётган қарор ва фармонлари ўз самарасини бера бошлади. Хусусан, тиббиёт соҳасини тартибга солиш масаласида олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимизнинг ушбу соҳа вакиллари билан ўтказган учрашувлари таъсири бугун Қўшработда ҳам сезиляпти.

Туманда ушбу масалага бағишлаб кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда бирламчи тиббий-санитария хизматини яхшилашда патронаж хизматининг аҳамияти, туман тиббиёт бирлашмасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва марказий шифохонада ихтисослаштирилган тиббий хизматларини жорий этиш тўғрисида гапирилди.

Бир гуруҳ патронаж ҳамшираларга патронаж сумкалари топширилди. Тиббиёт институтини битириб, туманда фаолиятини бошлаган 10 нафар умумий амалиёт шифокорларига қулайлик яратиш мақсадида велосипед берилди.

Шунингдек, патронаж хизматини доимий назоратга олиш мақсадида 350та “Uzmobile” алоқа тизимининг мобиль телефонлари олиниб, штаб ва патронажлар ўртасида “lokal-CALL” маркази фаолияти ташкиллаштирилмоқда.

Ходимларга яратиб берилаётган бу қулайликлар ўз навбатида тиббиёт хизматнинг сифат жиҳатдан ошишига замин яратади. Тезкорлик таъминланиб, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳолидан ўз вақтида хабардор бўлиш имконияти пайдо бўлади.