Наманганда ўтказилган Қуръон мусобақаси ғолиблари аниқланди
Бугун эрта саҳарда Наманган шаҳрида бошланган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” вилоят босқичи ўз ниҳоясига етиб, унда ғолиб-совриндор қори ва қорияларнинг номи аниқланди. Бу ҳақда “KUN.UZ” таҳририятининг вилоятдаги мухбири хабар берди.
“Нуробод” даҳасидаги “Имоми Аъзам” жоме-масжидида ўтказилган эркаклар ўртасидаги мусобақада 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган 36 нафар иштирокчи, яъни туман, шаҳар ҳудудий босқичларида биринчи ўринни эгаллаган қорилар ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари республика босқичига йўлланма олиш учун беллашдилар. “Шодиёна” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган хотин-қизлар мусобақасида эса 11 нафар қориялар қатнашишди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ҳабибулло Маткаримов, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай қори Турсунов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, мусобақа ташкилий қўмитаси раиси Абдулҳаким Матқулов муқаддас Ислом динининг асл моҳиятини англаб етиш, одамларимиз, айниқса ёшлар маънавияти ва маърифатини ўстиришда мазкур мусобақа муҳим ўрин тутишини гапирдилар.
Ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича олиб борилган мусобақани кўриш учун ошиққан минглаб ватандошларимиз муқаддас каломни ёд олган қори ва қорияларимиз гўзал ва равон қироат қилган Қуръони карим оятларини эшитдилар, чинакамига диний маърифатдан баҳраманд бўлдилар.
Демак, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” Наманган вилояти босқичининг ғолиб-совриндорлари билан таништирамиз:
ЭРКАКЛАР ЎРТАСИДА
Ҳифз йўналиши (26-40 ёш)
1. Аҳмаджон Ворисов
2. Довудхон Муҳсимов
3. Ҳадятуллоҳ Мавлонов
Ҳифз йўналиши (18-25 ёш)
1. Аббос Ҳомитхонов
2. Абдулбосит Абдувалиев
3. Раҳмонжон Баҳодирхўжаев
Тиловат йўналиши (26-40 ёш)
1. Икромжон Аҳмаджонов
2. Нозимжон Иминжонов
3. Ҳожиаббос Орифхўжаев
Тиловат йўналиши (18-25 ёш)
1. Абдулбосит Мухторов
2. Шерали Ҳомидов
3. Асламхон Солиев
«ҲИДОЯ» ТАЛАБАЛАРИ ЎРТАСИДА:
Тиловат йўналиши
1. Азимжон Зиёвиддинов
2. Абдусамад Усмонов
3. Шукрулло Абдуллаев
Ҳифз йўналиши
1. Умархон Эргашев
2. Довудхон Абдулходиев
3. Бобуржон Исоқов
АЁЛЛАР ЎРТАСИДА
Ҳифз йўналиши (26-40 ёш)
1. Рисолат Жаъфарова
2. Барно Абдуазимова
Ҳифз йўналиши (18-25 ёш)
1. Бувахужаева Ҳадича
Тиловат йўналиши (26-40 ёш)
1. Боқия Низомова
2. Бибихожар Худойназарова
3. Холида Эргашова ва Мадинахон Рустамова
Тиловат йўналиши (18-25 ёш)
1. Муқаддам Абдулаҳадова
2. Марғуба Муҳиддинова
3. Муслима Турсуналиева ва Мухтора Эргашева
Мусобақа доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Қуръони карим тарғиботига доир ташкил этилган викторина саволларига тўғри жавоб қайтарган зийрак мухлисларга муқаддас калом китоби совға сифатида ҳадя қилинди.
Президентимиз ушбу мусобақани ташкил этиш ташаббуси ҳақида сўз юрита туриб, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак - бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, дея қайд этган эди.
Дарҳақиқат, Қуръон инсонларни тўғри йўлга бошловчи, эзгу мақсадлар, солиҳ амалларга чорловчи илоҳий каломдир. Кун давомида қори ва қорияларимиз томонидан янграган Қуръон садолари қалбларимизга ҳузур, руҳиятимизга ҳаловат бахшида этди. Қолаверса, кун бўйи Наманганда ёққан ёмғир тимсолида юртга Аллоҳнинг раҳмати ҳам ёғилган бўлса не ажаб.
“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” Наманган вилояти босқичининг ғолиб-совриндорлари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Мусобақанинг ёш иштирокчиларидан 4 нафарига вилоятдаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда пойтахтимиздаги “Ҳадичаи кубро” хотин-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига имтиёзли кириш учун йўлланма тақдим этилди.
KUN.UZ мухбири Оқилхон ДАДАБОЕВ, Наманган
Мавзуга оид
09:30 / 07.11.2024
Наманганда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
11:35 / 06.11.2024
18 ёшли хавфли рецидивист: Наманганда машина олиб қочган ўсмир озодликдан маҳрум қилинди
17:26 / 04.11.2024
Наманганда аҳолига етказиб берилиши керак бўлган 13 тонна кўмир талон-торож қилинди
21:36 / 03.11.2024