Спорт | 14:50 / 15.03.2018
7029
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 13 ёшли гроссмейстер Исландиядаги халқаро мусобақада 2-ўринни эгаллади

Жорий йилнинг 6-14 март кунлари Исландиянинг Рейкьявик шаҳрида шахмат бўйича Бобби Фишер хотирасига бағишланган GAMMA Reykjavik Open 2018 халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада 34 мамлакатдан 248 нафар спортчи иштирок этди.

Шахмат федерациясининг KUN.UZ’га хабар беришича, 9 тур натижаларига кўра Нодирбек Абдусатторов мусобақани мағлубиятсиз якунлаб, 248 нафар иштирокчи орасидан 17-ўринни эгаллади. Шунингдек, у 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида 2-ўринни қўлга киритди.
       
Мусобақада 1-ўринни 9 имкониятдан 7,5 очко жамғарган ҳиндистонлик халқаро гроссмейстер В.Адхибан, 2-3 ўринларни халқаро гроссмейстерлар франциялик М.Лагарда ҳамда туркиялик Мустафо Йилмазлар эгаллади. Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов таниқли спортчилар франциялик М.Лагарда, украиналик Павель Эльянов ҳамда америкалик Гата Камский билан дуранг натижага эришди ва жами 4 ғалаба ҳамда 5 дуранг кайд этиб, 6,5 очко жамғарди.
       
Шунингдек, 10 март куни Harpa Blitz 2018 блиц йўналиши бўйича мусобақалар ўз ниҳоясига етди. Мусобақада 15 мамлакатнинг 59 нафар спортчиси иштирок этди. 9 турдан иборат блиц мусобақасида Нодирбек Абдусатторов 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, 2-ўринни қўлга киритди. 14 ёшгача ўсмирлар ўртасида эса 1-ўринни эгаллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид