Спорт | 18:43
545
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шахмат терма жамоаси блиц бўйича жаҳон чемпионатида учинчи бўлди

Ўзбекистон терма жамоаси 17−21 июнь кунлари Ҳонконгда бўлиб ўтган блиц бўйича ФИДЕ жамоавий жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди.

Фото: Facebook / ChessFIDE

Жамоа таркибида Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ëққуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Акжол Раҳматуллаев, Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова иштирок этди. Терма жамоа капитани ФИДЕ бўйича собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов бўлди.

Гуруҳ босқичида ўзбекистонликлар иккинчи ўрин билан плей-оффга йўл олди. 1/8 финалда Ўзбекистон Озарбойжоннинг Odlar Yurdu жамоасини (3:3 ва 3,5:2,5) мағлуб этди.

Чоракфиналда мусобақанинг энг кучли жамоаларидан бири — WR Chess ортда қолдирилди (3,5:2,5 ва 3:3). Унинг таркибида Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Максим Вашье-Лаграв, Уэсли Со каби шахмат юлдузлари бор эди.

Ўзбекистон яримфиналда Хитойнинг Dragon Chilling жамоасига ютқазди (1,5:4,5, 4,5:1,5 ва 1,5:4,5).

Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Hexamind Chess Team жамоасини мағлуб этилди (2:4, 3,5:2,5 ва 5,5:0,5). Ушбу жамоа таркибида Алиризо Фирузжа, Левон Аронян, Аниш Гири ва бошқа кучли гроссмейстерлар бор эди. Ўзбекистон терма жамоаси бронза медалларига сазовор бўлиб, 30 минг евро мукофотни қўлга киритди.

Хитойнинг Dragon Chilling жамоаси жаҳон чемпиони бўлди. У финалда Endgame AI жамоасини икки марта 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, 75 минг евро мукофот пулини қўлга киритди.

Жамоавий бронзадан ташқари, Ўзбекистон шахматчилари ўз тахтасида шахсий медалларни ҳам қўлга киритди.

Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада энг яхши натижани қайд этди. У 19 партияда 15,5 очко тўплаб, 2936 перформанс кўрсаткичи билан олтин медалга сазовор бўлди. Мусобақа якунларига кўра, у блиц бўйича live-рейтингда 2800 маррасидан ошиб ўтди ва шу тариқа назорат турларидан камида бирида бу кўрсаткичга эришган Ўзбекистоннинг илк шахматчисига айланди.

Умида Омонова аёллар тахтасида 12 партияда 9 очко тўплаб, кумуш медалга сазовор бўлди. Акжол Раҳматуллаев ҳам 21 партияда 14,5 очко жамғариб, ўз тахтасида кумуш медални қўлга киритди.

Шамсиддин Воҳидов эса 15 партияда 8,5 очко билан бешинчи тахтада бронза медали соҳибига айланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид