Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Конте учун охирги имкон — Англияда Юпанч Кубоги. Ҳафтанинг асосий ўйинлари анонси
Еврокубокларда нимчорак финаллар ниҳоясига етди ва келаси ҳафтада терма жамоалар ўртоқлик ўйинларида майдонга тушади. Мана шу оралиқда Европа навбатдаги тур ўйинларини ўтказиб олади. Бу сафар ҳам жуда кўп қизиқарли тўқнашувлар бор: Англияда Юпанч кубоги, Туркияда Истамбул дербилари, Францияда «Олимпик»лар баҳси, Испанияда Классико...
Энг муҳими, бу турдан бошлаб Бундеслига кубоги у стадиондан бу стадионга ташила бошланса керак. Зеро «Бавария» мана турнинг ўзидаёқ расман чемпионлик масаласини ҳал қилиши мумкин. Март ойининг ўрталарида кучли бешлик ўзининг илк чемпионини билиб олса не ажаб...
АНГЛИЯ КУБОГИ. ЧОРАК ФИНАЛ
Ушбу ҳафтада Англияда тур ўйинлари тўлиқ ўтказилмайди. Чунки АПЛда қатнашадиган 7 жамоа Англия кубоги чорак финалида тўп суради. Аввалги ҳар бир босқичда биттадан топ клуб – «Ливерпуль», «Арсенал» ва «Манчестер Сити» қўйи лига клубларидан мағлубиятга учраб мусобақани тарк этишган. Ўтган йили ярим финалда ўзаро тўқнашган «Челси» ва «Тоттенҳэм», икки йил олдинги кубок соҳиби «Манчестер Юнайтед» ва ўша йилги мамлакат чемпиони «Лестер» мусобақада курашни давом эттирмоқда. Куни кеча Марк Ҳюзни янги мураббий сифатида таништирган «Саутҳэмптон» ҳам фаворитларга муаммо туғдириши мумкин.
Қизиғи, ушбу турнирда майдонга тушадиган уччала топ жамоа ҳам Европа Чемпионлар Лигасида 1/8 финалда мағлубиятга учради. Демак бу жамоалар учун бу соврин мавсумда қўлга киритиш мумкин бўлган сўнгги умиддир. Аксинча, еврокубокларда давом этадиган «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ва «Арсенал» эса, юқорида айтилганидек, бу босқичга етиб кела олишмади.
Шанба куни соат 17:15да «Суонси» «Тоттенҳэм»ни қабул қилади. Ўша куни кечаси, соат 00:45да «Олд Траффорд»да мезбонлар «Брайтон»га қарши майдонга тушишади. Якшанба куни яна икки ўйин кўзда тутилган: «Уиган» – «Саутҳэмптон» (18:30) ва «Лестер» – «Челси» (21:30).
Душанба куни «Манчестер Сити» «Сток Сити»ни енгганида «Челси» чемпионлик учун назарий максимум жиҳатдан имкониятларини ҳам йўқотганди. Жамоада кучли тўртликка кириш учун ҳам имконият кам, гарчи, асосий рақобатчи «Тоттенҳэм» асосий футболчиси Ҳарри Кейнни жароҳат туфайли анча муддатга йўқотган бўлсада. Чоршанба куни лондонликлар Барселонада йирик ҳисобда тор-мор этилди ва Чемпионлар лигасини тарк этди. Эндиликда Антонио Контенинг истеъфоси ҳақида кўп гапиришмоқда. Италиялик мутахассис мавсум охирига қадар ишда қолиши учун Англия Кубогида муваффақиятли иштирок этиши талаб этилади.
ФЕНЕРБАҲЧЕ – ГАЛАТАСАРОЙ (17 март, 21:00)
Бу ҳафта Туркия суперлигаси нафақат Истанбул буюк дербиси, балки турнир нуқтаи назаридан ҳам, чемпионлик учун аёвсиз курашнинг гувоҳи бўламиз. 53 чоко билан турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган «Галатасарой» 47 очко тўплаган «Фенербаҳче» меҳмони бўлади. Мезбонлар бу ўйинда ғалаба қозониш орқали чемпионлик интригасини юқорига кўтаришлари мумкин ёки аксинча, мағлубият «сариқ-қоралар»ни соврин умидидан бутунлай мосуво қилади.
Жамоаларнинг ўзаро статистикаси, айниқса, сўнгги йилларни олсак, бутунлай тенгликни кўрсатмоқда. Охирги 24 дербида томонлар 8 мартадан ғалаба қозонишган ва шунча ўйинда дуранг қайд этилган. Ушбу мавсумдаги дастлабки учрашувда ҳисоб очилмаганди.
Шу ўринда бу жамоалар орасида 50 очкодан тўплаб, иккинчи ва учинчи ўринларни банд этиб турган «Бешиктош» ва «Истанбул» ҳам борлигини эътиборга олсак, Суперлигада ушбу мавсум сўнгги ниҳоятда қизиқ ўтишини ҳозирдан айтиш мумкин.
Қизиғи, бу икки жамоа ҳам айнан шу турда ўзаро дуч келади. Юқоридаги ўйиндан роппа роса бир кун ўтиб, яъни 18 март куни соат 21:00да бошқа бир Истанбул дербиси – «Истанбул» - «Бешиктош» учрашуви бўлиб ўтади.
БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК (18 март, 20:15)
Испан футболи классикоси, Каталония ва Баскония тўқнашуви. Ҳар қанча реклама қилмайлик, тан олиш керак, статистика тўлиқ мезбонлар фойдасига – сўнгги 25 ўйиндан атиги 3тасида «Атлетик» ғалаба қозонган, холос. Ла Лига доирасидаги бильбаоликларнинг сўнгги ғалабаси 4 йил олдин рўй берган ва ўшандан буён фақат «Барселона» устун келмоқда.
Аммо ҳар қандай ҳолатда бу ўйиннинг кескин ўтиши маълум, энг кутилмаган пайтларда «Атлетик»нинг айнан «Барселона»га қарши энг яхши ўйинларини ўтказиши сир эмас. Мисол учун, 2014/15 мавсуми олдидан басклар Испания суперкубоги баҳсида 4:0 ҳисобида зафар қучгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Бундан ташқари, Эрнесто Валверденинг собиқ жамоасига қарши ўйини ҳам ўйинни диққат марказимизга олиб келади. Ҳозирги «Атлетик»нинг шаклланишида ушбу мураббийнинг ўрни катта ва у энди шу ишни «Барселона»да қилмоқда.
Мураббийнинг собиқ жамоасига қарши аввалги ўйини 2:0 ҳисобида янги жамоаси фойдасига ҳал бўлганди.
ЛЕЙПЦИГ – БАВАРИЯ (18 март, 22:00)
«Бавария» 20 очколик фарқ билан энг яқин таъқибчисидан ўзиб кетди ва бу кўрсаткич кучли бешликдаги энг катта устунликдир. Агар «Шальке» ва «Боруссия» бу турда очко йўқотиб, «Бавария» рақибини енгадиган бўлса, Ҳайнкес шогирдлари шу ҳафтадаёқ расман чемпионлик масаласини ҳал қилади. Март ойида, терма жамоалар кунлари учун танаффусга чиқиш олдидан чемпионат масаласини расман ҳал қилиш «Бавария»га бошқа турнирлар учун хотиржам тайёрланиш имконини беради.
Шубҳа йўқ, «Бавария» бугун бўлмаса, кейинги турда чемпионликни нишонлайди, унинг рақиби «Лейпциг» учун эса, бу ўйиндаги очколар сув ва ҳаводек зарур. Ўтган йилги Бундеслига дебютанти қаторасига иккинчи марта ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга уринмоқда. Олтинчи ўринни эгаллаб турган «Лейпциг»ни кучли тўртликдан 4 очко ажратиб турибди холос.
Жамоалар ўзаро 4 марта учрашишган. Бундеслигада уч ўйинда «Бавария» устун келган бўлса, октябрда Германия кубоги ўйинида томонлар тенг келиб, пенальтилар сериясигача боришганди. Бу баҳсда ҳам «Бавария»нинг қўли баланд келган. Айниқса, ўтган мавсумда шу стадионда бўлиб ўтган ўйин кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. 84-дақиқагача 2:4 ҳисобида олдинда борган меҳбонлар ўша дақиқада ҳисобни қисқартириб, қўшиб берилган дақиқаларда яна икки гол уришган ва 5:4 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
Ҳар икки жамоа шу ҳафта ўртасида еврокубокларда ҳам майдонга тушдилар ва кейинги босқич йўлланмасига эга бўлдилар. «Бавария» Туркияда, «Лейпциг» эса Россияда «Зенит»га қарши ўйинда ўзига керакли ҳисобни қайд этди.
ВИЛЬЯРЕАЛ – АТЛЕТИКО (18 март, 22:30)
Ўтган турда «Атлетико» Барселонада мағлубиятга учради ва ўртадаги фарқ 8 очкога етди. Шундай бўлса-да, Испанияда пойганинг тўлиқ якунланганини айтиш қийин. Ҳали яна 10 тур бор ва «Барселона»нинг ЕЧЛда қанташаётганини эътиборга олсак, «Атлетико» ўз ўйинларини ютиб, рақибининг хато қилишидан умид қилиши мумкин.
Ростан ҳам ҳеч бўлмаса яна бир ой мана шу йўсинда давом этиладими ёки умуман «Барселона» фарқни яна ошириб, барча масалага нуқта қўйиладими, қайсидир маънода шу ўйин жавоб беради. «Вильяреал» анойи рақиб эмас, айниқса, кучли жамоалар билан ўйинларда ўзини кўрсата олган.
Жумладан, ҳозир кучли тўртликда бораётган «Реал» ва «Валенсия» майдонидан «Вильяреал» ғалаба билан қайтганди. «Висенте Калдерон»дан ҳам «сариқ субмарина» қуруқ қайтмаган – ўша ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўтган мавсумда «Вильяреал» мадридликларни йирик - 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратганликларини ҳам эслаб ўтиш керак.
Хуллас, очко йўқотишга ҳаққи йўқ бўлган «Атлетико» ва ўз мухлислари қаршисида завқ билан тўп сурадиган «Вильяреал»нинг ўйини жуда қизиқ бўлишини бемалол айтиш мумкин. Бошқа томондан, «Атлетико»нинг бу ўйиндан икки кун олдин узоқ Москвага сафар қилгани қайсидир маънода учрашув шиддатига раҳна солар балки. Кўрамиз.
РЕАЛ – ЖИРОНА (19 мартга ўтар кечаси, 00:45)
«Жирона» сўнгги ўйинларни жуда кучли ўтказмоқда ва 5-ўриндаги «Севилья»га атиги 2 очко масофасига яқинлашиб, ҳатто еврокубокларда қатнашиш имконияти учун курашишни бошлади, дейиш мумкин. Охирги беш ўйинда каталонияликлар фақат «Барселона»дан мағлубиятга учрашди холос, қолган тўрт ўйинда 8 гол уриб, бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормади, тўртала ўйинда ҳам ғалаба қозонди.
Шунингдек, жироналиклар биринчи даврада «Реал»га қарши ўзларининг мавсумдаги энг яхши ўйинларини ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганликларини унутмаслик керак.
«Реал» жуда яхши ва барқарор даврни бошдан кечирди. Бир ойдан сал кўпроқ вақт давомида мадридликлар 10 учрашувда майдонга тушишда ва тўққизтасини ўз фойдаларига ҳал қилишди. Айниқса, «ПСЖ» билан ўйиндаги ғалаба «Реал»нинг янги рельсга тушиб олганини тасдиқлайди.
Криштиану Роналдунинг ҳам ҳар доимгидек, баҳорга келиб яхши спорт формасига қайтаётганини ҳам кўряпмиз. У Ла Лигада ўзи майдонга тушган сўнгги уч ўйинида ҳам дубль қайд этди ва урган голлари сонини 18тага етказишга ҳам улгурди.
МАРСЕЛЬ – ЛИОН (19 мартга ўтар кечаси, 01:00)
Алоҳида ўйинларда ва баъзи паллаларда жуда яхши салоҳият намойиш эта олган, аммо барқарорлик етишмаётган икки «Олимпик» ЕЧЛ йўлланмаси учун тўқнашади. Марселликлар рақибидан 5 очко олдинда боришмоқда ва бу ўйинда ғалаба қозониш орқали, бу курашда яққол фаворитга айланиб олади.
«Лион»нинг эса, кўрсаткичлари асосан Набил Фекирга боғлиқ экани яна бир бор исботланди. Ушбу футболчининг жароҳатидан сўнг, лионликлар яна пастга шўнғишни бошлашди. Фекир бу ўйинда ҳам жамоасига ёрдам бера олмайди, унинг майдонга қайтиши апрель ойининг ўрталарига мўлжалланган.
Шундай бўлса-да, бир тарафдан Товен, Пайет, Окампос, Жермен, иккинчи тарафдан, Депай, Диас, Корнье каби иқтидорли футболчилар тўқнашуви мухлисларга қизиқ бўлса керак. Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида Фекир ва Диаснинг голлари ёрдамида мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучганди.
Ҳар икки жамоа ҳам пайшанба куни Европа Лигаси нимчорак финалида тўп сурди. «Марсель» вазифани уддалаган бўлса, «Лион» кутилмаганда ЦСКАга ўз майдонида имкониятни бой берди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
17 март: ЛИВЕРПУЛЬ – Уотфорд (22:30), СПАЛ – ЮВЕНТУС (18 мартга ўтар кечаси, 00:45)
18 март: МИЛАН – Кьево (19:00), НАПОЛИ – Женоа (19 мартга ўтар кечаси, 00:45)
Мавзуга оид
17:29 / 13.09.2019
Ҳафта ўйинлари анонси: Мессисиз «Барса»ни қийин ўйин кутмоқда, Германияда пешқадамлар тўқнашуви
15:40 / 16.05.2019
Тошкентда дерби, «Пахтакор» водийда меҳмон – Суперлига 9-тур превьюси
21:00 / 05.04.2019
Ҳафта ўйинлари анонси: Испания ва Германияда чемпионлик ўйинлари
15:00 / 02.02.2018