Байрам бошланди, энг чиройли гаплардан ёзиб, самимий тилаклар билдириш ўрнига яна оғирроқ мавзуга қўл урдим. Йўл тўсиқни бўяшга чиққан ёшгина ўқитувчи қизнинг ўлими хақида нохуш хабар тарқалдию, шахсий почтамга шу мавзуда ҳам фикр билдиришимни сўралган бир нечта мактублар келди. Авваламбор, Аллоҳнинг иродаси, қисмат. Марҳуманинг охирати обод бўлсин, оила аъзоларига таъзиямни изҳор этаман. Фожиага айбдор кимсалар ҳақида мендан олдинроқ ёзиб бўлишди, сабаблар ҳам таҳлил қилиняпти. Мен сал бошқачароқ мақола ёзгим келди. Келинг, дарров бировни ёмонлашдан бошламайда, фидойи бир раҳбар хақидаги хотираларим билан ўртоқлашай. 

Мактабни 1992 йили битирганман. Ўқувчилик йилларимни яхши эслайман. Ўша вақтларда ҳам ўқитувчи, шифокорлар ягана, чопиқ, пахта терими ва бошқа ишларга жалб этилар, фақат қувасойликларгина мажбурий меҳнатдан иложи борича озод этилиб, қимматли вақтлари ўғирланмасди. Чунки, шаҳар ҳокими маърифатпарвар раҳбар эди! Имкон топди дегунча ота-оналар билан суҳбатлашар, тарбия ва таълим муассасаларининг иш фаолиятини селекторлардаги ҳисоботлардан эмас, халқдан сўраб ўрганарди. «Унинг келиб-кетганини билмай ҳам қолар эдик» деб эсловчи нафақадаги муаллима яна бир қанча хислатларини тилга олди: «Сабзавотларни қайта тайёрловчи омборлар бўларди. Бир куни ўша ерда ишлаётган ўқувчилар ва назорат қилаётган ўқитувчинининг олдига тушиб, қаро терга ботгунча ишлаган, сўнг қаршисида қалтираб турган омбор мудирига қараб, «Энди иш чиқса, мени чақир!» деб обдон тузлаган эди. Собиқ иттифоқ даврида ўн етти марта Шароф Рашидов ҳузурига бориб «Қувасойнинг табиатига мос, сершира мевали боғлар яратайлик» деган ҳам шу киши бўлади. Пахта далалари тугатилгач эса, каттакон йиғинда сўзга чиқиб, ўқитувчиларга қарата «Энди болаларни янаям зўр ўқитасизлар!» деган экан. 

У мактаблар тақдим этадиган кўрсаткичларга фақат бир мақсадда кўз ташлар, яъни жимжимали бешлари кўп билим даргоҳларини алоҳида назоратга оларди. Сўнгра ўша мактаблар йўлида ўқувчиларни тўхтатиб, савол–жавоб қилишни яхши кўрарди. Агар жавоб берувчининг билимидан қониқса, ёш боладай қарсак чалиб, акси бўлса дарров амалий чоралар кўрарди. Ортиқча дабдаба ва блокнот кўтарган мулозимларисиз синфхоналарни айланиб, охирги парталарнинг бирида жимгина ўтириб, дарсларни кузатишни канда қилмасди. Агар ўзи гувоҳ бўлган дарсдан кўнгли тўлмаса, муаллимни самимий суҳбатга чорлаб, мавжуд муаммоларга қўлидан келганча ечим топар, ўшанда ҳам ўзгариш бўлмаса, дарслардан четлаштирарди. Наинки ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари, ҳатто «ГорОНО» мудирини ишига бефарқ бўлмай, тепса-тебранмасларни казо-казо танкалари бўлса ҳам бу соҳага яқинлаша олмайдиган қилиб четлаштирарди. Қувасойликларнинг ғурури бўлган Шуҳрат Шерхонович Аҳмедов мана шундай одам эди! 
Ҳозирчи?! 

Ҳозирги ҳокимлар ҳам болажонлар билими билан қизиқишадими? Албатта! Фақат, Шуҳрат Аҳмедов каби савол-жавоб қилиш учун эмас, янаям юқорироққа кетадиган ҳисоботлар туман, шаҳарлар обрўсини тўкмаслиги учунгина қайғуришади. «Давоматни назорат қилиш Халқ таълими бўлими зиммасида, менинг бошқа вазифаларим ҳам тиқилиб ётибди!» деган баҳона ҳам бор! Бироқ, иш жойидан ажралиб қолишни истамайдиган бечора ўқитувчиларни хоҳлаган мусиқаларига ўйната олишади.