20:50 / 22.03.2018
15828

Фотожамланма: Тошкент вилоятида Наврўз тантаналари

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

21 март куни Олмалиқ шаҳрида Тошкент вилоят аҳли ҳам Наврўз байрамини кенг тантаналар билан нишонладилар.

Халқ сайли сифатида нишонланган ушбу байрам Олмалиқнинг “Олтин олма” хиёбони, “Ёшлар” боғи, “Болажон” истироҳат боғи ҳамда мазкур ҳудудларга туташ марказий кўчалар ва тўйхоналарда кенг нишонланди.

100 нафар карнайчи ва сурнайчилар вилоятнинг жами 22та шаҳар, туманларидан ташриф буюрган меҳмонларни байрамона куй-садолар остида кутиб олди. “Олтин олма” хиёбонида вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туманлари ўзларига ажратилган павильонларда миллий қадриятларимизни акс эттирувчи анъаналарни намойиш этиб, куй-қўшиқлар ижро этишди. Миллий таомлардан – сумалак, ҳалим, кўк сомса, чучвара, лочира, қатлама-ю чак-чак, ҳолва ҳамда тандирдан узилган иссиқ нонлар халққа улашилди. Катта дошқозонда 5 тонна 500 кг дамланган байрам ошига 1 тонна 600 кг гўшт, 1 тонна 500 кг гуруч, 1 тонна 500 кг сабзи ва ёғ, пиёз ҳамда зироворлар солинди. Байрам оши тадбирга ташриф қилганлар ва вилоятдаги муассасаларга, жами 48 000 одамга тарқатилди. Байрам иштирокчиларининг ўз павильонларига улашиш учун 10та махсус кичик ҳажмли автотранспорт воситалари (муравей) халқ хизматида бўлди.

Бир томонда дорбозлар, бир томонда варраклар сайли, яна бир томонда эса полвонлар беллашуви ҳамда бошқа турли миллий спорт мусобақалари ишқибозлар билан гавжум бўлди. Қошига ўсма қўяётган қизлар, кашта тикаётган келинчаклар, кўрпа қавиётган момолар, гилам тўқиётган ҳунарманд, қуроқ бичаётган аёлларнинг қўл ишлари кўрган кўзни қувнатиб, дилга ўзгача туйғулар бахш этди.

Кўзага гул чизаётган рассом, тахтага нақш ўяётган наққош, ҳайкалларини сайқаллаётган ҳайкалтарош, оддий темирдан иш қуроллари яратаётган темирчи, туялар-у отлар билан тиллашаётган чорвадор, халқнинг дастурхонини бутлаётган деҳқон қўлида унган ноз-неъматлар, ошпазнинг маҳорати ила санъат асарига айланган таомлар, асалчининг меҳнатлари маҳсули, паррандачиликнинг турли намуналари акс этган жонзотлар... Буларнинг барчаси шу кунги вилоят сайлида одамлар кўз ўнгида намоён бўлди. Лапарлар-у, ўланлар айтаётган момолар, аския, айтишув айтишаётган аскиячилар, қўғирчоқ театри намойиш этаётган санъаткорлар, жўшиб қўшиқ айтаётган хонандалар, китоблари билан барчани ўзига ошно этаётган зиёлилар... Хуллас, ушбу байрам чинакамига халқимизнинг барча ёшдаги, ҳар қандай касб эгаларини бирлаштира олган, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларини ўзида намоён эта олган бетакрор айём бўлди.

“Болажон” истироҳат боғида Ёшлар иттифоқи Олмалиқ шаҳар кенгаши ҳамда Мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамкорлигида тайёрланган бир-биридан қизиқарли томошалар, халқ ўйинлари, беллашув ва мусобақалар болаларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашди. “Ёшлар” боғида китобхонлик, шеърхонлик, рассомчилик, ўймакорлик, каштачилик бўйича бўлиб ўтган чиқишлар ҳам томошабинларда чуқур таассурот қолдирди. Байрамда шунингдек, Ҳиндистондан ташриф буюрган ҳинд хонандаси томонидан куйланган қўшиқлар барчани ўзига мафтун этди.

Айём жуда кўплаб сўз билан таърифлаб бўлмайдиган кўргазмаларга, лаҳзаларга бой бўлди. Одамларнинг кўзида акс этаётган қувонч ва шодликдан шуни илғаш мумкинки, халқ сайлини одамлар жуда соғинган, десак муболаға бўлмайди. Буни шу кунги халқ сайлига келаётган одамлар оқимининг кўплигидан ҳам илғаш мушкул эмас.

Top