Ўзбекистон | 10:15
1103
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев халқни бирдамлик ва бунёдкорликка чақирди

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз тантаналарида бутун халққа мурожаат қилиб, юртдошларни бирдамлик, аҳиллик ва бунёдкорлик руҳида яшашга даъват этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз мурожаатида юртнинг гўзал табиати, саховатли замини ва бетакрор бойликларини алоҳида таъкидлаб, уларни асраб-авайлаш ва оқилона фойдаланиш муҳим эканини қайд этди.

Президент таъкидлаганидек, халқ асрлар давомида меҳнатсеварлиги, бағрикенглиги ва олийжаноблиги билан ана шу бебаҳо неъматларни сақлаб келмоқда. Ушбу бойликларни қадрлаб, улардан самарали фойдаланилса, мамлакат фаровонлиги янада ортишига ишонч билдирилди.

Шавкат Мирзиёев азалий анъаналарни давом эттириб, кўчат экиш, боғлар барпо этиш, маҳалла ва уйларни обод қилиш орқали ҳаётни янада гўзал ва фаровон этишга чақирди.

Шунингдек, давлат раҳбари яхши қўшничилик, аҳиллик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, эзгу ишлар орқали халқнинг юксак фазилатларини намоён этиш муҳимлигини таъкидлади.

Президент ёшларга ҳам алоҳида мурожаат қилиб, уларни замонавий билим, тил ва касбларни эгаллашга, баркамол авлод бўлиб етишишга чақирди.

Қайд этилганидек, ягона ватан ва ягона халқ бўлиб, биргаликда янги ҳаёт, янги тарих ва янги келажак яратиш ҳар бир юртдошнинг энг муҳим вазифасидир.

Давлат раҳбари сўзининг якунида барча юртдошларни Наврўз байрами билан яна бир бор табриклаб, уларга тинчлик, бахт ва фаровонлик тилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид