Ўзбекистон | 18:45 / 24.03.2018
23838
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда Наврўз шукуҳи: “Халқаро миллий либослар” фестивали, кураш сайли ва болалар учун байрам

Фото: KUN.UZ

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида “Халқаро миллий либослар” фестивали бўлиб ўтди. Шаҳардаги Амир Темур хиёбони ва “Оқ сарой” мажмуаси хиёбони миллий безаклар билан безатилди. Мазкур фестивалда ҳар бир шаҳар ва туманларнинг миллий либослари, урф-одатлари, таомларидан келиб чиқиб, кичик павильонлар ташкил этилди.

“Халқаро миллий либослар” фестивалига Ўзбекистон Республикасида Фаолият кўрсатаётган чет эл дипломатик корпус вакиллари ҳамда фирма ва компанияларининг вакиллари, шунингдек, мамлакатнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари томонидан мазкур давлатлардаги модель ва модельер-дизайнерлари иштирок этди.

Фестивал давомида мазкур дизайнерлар томонидан ташкил этилган либослар тўпламлари намойиш этилди. Шунингдек, “Шаҳрисабз гўзали” танлови ҳам бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, спорт туризмини ривожлантириш мақсадида байрам кунлари Шаҳрисабз шаҳрида “Кураш сайли” ҳам бўлиб ўтди. Мазкур сайл ҳам полвонларнинг қизғин курашувига сабаб бўлди. Томошада иштирок этган сайёҳлар ўзбекнинг миллий спорти – кураш беллашувини ўзгача завқ билан кузатишди.

Бу байрам тантаналарига ижтимоий ҳимояга муҳтож чин етим болаларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш тадбири ҳам уланиб кетди. Мазкур тадбирда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларидан 10 нафардан чин етимларга бошдан оёқ қишки, ёзги ва кийимлари совға қилинди. Ҳар бир болага 10 донадан болалар адабиёти намуналари тақдим этилди.

Бундан ташқари, мазкур болалар вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳамкорлигида Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюриб, шаҳарда жойлашган тарихий обидалар билан танишишди, шу куни шаҳарда бўлаётган байрам шукуҳидан баҳра олишди. Улар учун шаҳардаги “Ёшлар саройи”да дастурхон тузалиб, концерт дастурлари тақдим этилди.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири 

Мавзуга оид