Технология | 11:40 / 25.03.2018
16115
2 дақиқада ўқилади

Ернинг яссилигига ишонувчи америкалик буни исботлаш учун қўлбола ракетада парвоз қилди

Ернинг ясси шаклдалигига ишонувчи америкалик Майк Хьюз буни исботлаш мақсадида 24 март куни ўзи ясаган ракетада парвоз амалга оширди.

Хьюз ўз гаражида қурган ракетаси ёрдамида Калифорниянинг жанубидаги Эмбой шаҳридан 570 метрдан кўпроқ баландликкача кўтарила олди ва ракета учирилган жойдан тахминан 450 метр узоқликда, Мохава чўлига парашютда қўнди. 

Фото: AP

Хьюз парвоздан кейин ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган, бироқ белидаги оғриқдан шикоят қилган.

Фото: AP

Хьюз ўз парвозини 2017 йил ноябрда амалга оширмоқчи бўлган, бироқ парвоз техник носозликлар ҳамда маҳаллий ҳукумат норозиликлари сабабли бир неча марта қолдирилган. У парвоздан кейин ўзини “елкасидан тоғ ағдарилгандек” ҳис қилаётганини айтган. “Мен қўрққаним ва ҳеч қандай ракета қура олмаганим ҳақидаги гаплардан чарчагандим. Шу сабабли ўзимни қўлга олиб, буни қила олдим”, деб айтган Хьюз.

Ноодатий ихтирочи ўз видеомурожаатларида бир неча бор таъкидлаганидек, сайёрамиз ясси шаклдалигига ишонади ва унинг думалоқлиги борасида шубҳа билдириб келади.

Фото: AP

Маълум қилинишича, Хьюз бундан аввал ҳам ракета ясаб, унда 400 метр баландликкача кўтарила олган. Парвоздан кейин у ўзига келиши учун 3 кун талаб этилган.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид