Спорт | 22:49 / 25.03.2018
18688
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ўтган кураш бўйича қитъа чемпионатида Ўзбекистон термаси тенгсиз бўлди

Фото: KUN.UZ

Халқимизнинг миллий асрларга тенг миллий қадрияти кураш бугун жаҳонга юз тутди. Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинлари олдидан Ҳиндистоннинг Пуна шаҳри қитъа биринчилигини қабул қилди.

Мусобақаларда  Ўзбекистон терма жамоаси энг кўп - 21 курашчи билан иштирок этди. Қитъамизнинг 10 дан ортиқ давлати курашчилари иккита гиламда баҳсга киришдилар. Осиё ўйинлари мусобақаларининг вазнлар тоифасига мезбон мамлакат ташкилий қўмитасининг илтимосига биноан эркаклар ўртасида яна бир вазн – 90 кг.дан оғир вазн тоифаси киритилди ва бу ҳам беллашувларнинг янада томошабоп бўлиши учун хизмат қилди.

Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Унда Кураш халқаро ассоциацияси, Осиё-Океания кураш конфедерацияси, мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда бошқа мартабали меҳмонлар иштирок этишди. Қадим ҳинд анъаналарини ўзида акс этган рақслар, куй ва қўшиқлар спортчиларнинг кайфиятини янада кўтарди. Ўзбекистондан ташриф буюрган “Ҳавас” оилавий ансамблининг ҳинд тилидаги қўшиқлари эса маҳаллий мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлди.

 Бунга қадар терма жамоамиз аъзоларида ҳам баъзи йўқотишлар бўлганини эътироф этиш керак. Жумладан, аёллар ўртасида Ойсулув Абдумажидова ҳамда Кумуш Йўлдошева, эркаклардан эса Шермуҳаммад Жандреев ва Сарвар Шомуродовлардан омад юз ўгирди. Улар Осиё ўйинларини медалсиз якунлашга мажбур бўлишди. Курашчиларимизнинг қолган 16 нафари эса совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

   Хусусан, аёллар ўртасида 52 кг вазн тоифасида Гулнор Сулаймонова финалгача барча рақибларини мағлубиятга учратди ва олтин медал учун курашда Хитой Тайпейилик Зи Линг Хонгни ҳалол баҳоси билан енгиб чемпионга айланди.

   57 кг оғирликдаги полвон қизлар беллашувларида ҳам ҳамюртимиз Амангул Алланазаровага тенг келадиган рақиб топилмади. У ҳам финалда тайпейлик спортчидан устун келди.

   63 кг оғирликда чемпионлик учун ҳал қилувчи беллашувга терма жамоамизнинг икки аъзоси – Мухлиса Абдумаликова ҳамда Дилдор Шерметовалар етиб келишди. Бу гал омад Мухлисага кулиб боқди.

   Эркаклар ўртасидаги беллашувларга келадиган бўлсак, 60 кг вазн тоифасида Фарид Амруллаев олтин, 66 кг оғирликда Руслан Бўриев олтин, Маъруф Ғайбуллаев эса кумуш медалга сазовор бўлди. 100 кг вазнда Илҳом Жўраевнинг чиқишлари ҳам мухлисларга катта завқ бағишлади. Финалда у туркманистонлик Худойберди Жумаевни мағлуб этиб олтин медалга сазовор бўлди.

 Осиё ўйинлари якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси жами 10 олтин, 5 кумуш ва 1 бронза медали билан биринчи ўринни қўлга киритди. Ташкилотчилар томонидан таъсис этилган кубоклар эса Ўзбекистон аёлар ва эркаклар термаларига топширилди. Гулноза Матниёзова эса Осиё ўйинларининг энг яхши аёл курашчиси номинациясида ғолиб деб топилди. Бу борада эркаклар ўртасида эронлик Зафар Паҳлавонижагарҳ ҳам махсус совринга эга бўлди.

 

Мавзуга оид