Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжат билан Сурхондарё вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари соҳасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида кластер усулини яратишни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба йўлга қўйилгани маълумот учун қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туманлар ҳокимликлари жорий қишлоқ хўжалиги йилидан бошлаб:
мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан то сотишгача бўлган белгиланган жараённи мустақил равишда амалга оширувчи ягона ёки ўзаро боғлиқ корхоналар гуруҳи доирасида;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига қишлоқ хўжалиги юмушларини ташкил қилиш учун экиш материали, аванс тўловларини тақдим этувчи ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотни келишилган нархларда сотиб олувчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, тайёрловчи корхоналар, қайта ишловчилар, экспорт қилувчилар ўртасида кафолатланган шартномалар асосида "уруғ-кўчат-маҳсулот етиштириш-тайёрлаш-сақлаш-қайта ишлаш-транспортировка қилиш-бозорга етказиш" тамойили бўйича узлуксиз занжирни шакллантиришни кўзда тутувчи мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер усулини кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Т.Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари тегишли тартибда чигитдан бўшаган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини экишда:
логистика марказлари (мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш бўйича қувватлар, қишлоқ хўжалиги техникаси), шунингдек, ички ва ташқи бозорда мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш тажрибасига эга;
замонавий иссиқхона хўжаликлари ва интенсив боғлар яратиш ва улардан фойдаланиш тажрибасига эга;
қўшимча қийматлар занжири бўйича кластер усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шахсий ва жалб қилинган молиявий маблағларига эга;
мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, жумладан экспорт қилишни ташкил қилиш, замонавий ресурс ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш вазифаларини ўз зиммасига оладиган хўжалик юритувчи субъектларига (ўзаро боғлиқ корхоналар гуруҳига) биринчи навбатда ердан узоқ муддатли ижара шартларида фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади.








