Яқин Шарқда 12 кун давом этган уруш тугади. Исроил ва Эрон одатдагидан кўпроқ урушди, минтақада кайфият ўзгарди. Эрон араб давлати ҳудудига ракета учирди, энди арабларнинг форслар билан муносабати янада мураккаблашади. Бироқ уруш Яқин Шарқнинг «оёғини осмондан қилди» деб ҳам айтолмаймиз. Уруш тугагач, кўпчиликда савол пайдо бўлди: энди минтақа тинчийдими? Қуйида бу борадаги шахий фикримни билдирмоқчиман

Исроил нима қилади?

Эронга қарши уруш бошланишининг энг катта орзуманди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эди. Чунки ҲАМАСга қарши урушнинг охири кўриниб қолган, асирлар қайтарилмаётганди. Бу уруш узоқ давом этган сайин Нетаняҳунинг курсиси қимирлайверди. Бундай вақтда фақат янги уруш Бибини ҳукуматда қолдириши мумкин эди. АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон ҳам худди шундай деди. Унинг фикрича, Нетаняҳу Эронга қарши уруш бошлаш орқали ҳукуматда узоқроқ вақт қолишни мақсад қилган.

Энди Эрон билан уруш тугади. Нетаняҳу бу – мамлакат тарихидаги энг зўр уруш бўлгани, асосий душман Эрон кучсизлантирилгани ҳақида кунда-кун ора мақтаниб турибди. Лекин Нетаняҳунинг бу гапларини исроилликлар кутилганидек энтузиазм билан кутиб олишмаяпти. Исроилда ғалаба кайфиятидан асар ҳам йўқ, чунки уруш абсурд иддао билан бошланди.

Энди Нетаняҳу яна бир-икки вақт Эронга қарши уруш билан мақтаниб юради, лекин бир кун келиб исроилликларнинг тоқати тоқ бўлади. Уруш шунчаки ҳукуматда узоқроқ қолиш учун ажойиб восита эканини тушуниб етишади. Ана ўшанда Нетаняҳу учун қийин кунлар келади. Менимча, у навбатдаги марта ҲАМАСга қарши операция ўтказишга ҳаракат қилади. Бир неча асир Ғазода қолаётгани унинг учун айни муддао бўлади.

Ёки бўлмаса, Ямандаги ҳусийчиларга қарши бирорта романтик ном топиб операция бошлаши мумкин. Лекин аниғи шуки, энди Нетаняҳу Эрон билан уруш бошлолмайди. Чунки бу урушга Америка қалин қилиб нуқта қўйди, ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий планда. Вашингтон нуқта қўйганидан кейин «гапни давом эттириш»га кимнинг ҳадди сиғарди.

Эрон нима қилади?

Эронда вазият осонроқ, чунки бу давлатда бошқарув, жамият бошқача. Энди раҳбар Али Хоминаий анча вақт эронликларни «Исроил ва АҚШ янчиб ташлангани» ҳақида маърузалар атрофида бирлаштириши мумкин. Бу борада Эрон ҳукумати яхшигина адреналин тўплаб олди. Эронликлардаги кўтаринки байрам кайфияти амалдаги ҳукумат мавқейини фақат мустаҳкамлайди.

Эронликлар Хоминаий ёки Пизишкиёндан «Жаноблар, Исроил самолётлари осмонимизда кортеж бўлиб учди, бу нима гап ахир?» деб ҳисоб сўрамайди. Сўраганлара «кўп гапирмай ғалабадан масрур бўлиш» тушунтирилади.