Ёзда 40 даража атрофида иссиқ бўлиши – Ўзбекистон учун одатий ҳол. Бунақанги иссиқда ишлаш эса нафақат қийин, балки хавфли ҳам. Шу сабаб айрим давлатларда ҳаво жуда исиб ёки совиб кетганида, ходимларнинг иш вақти қисқартирилади. Хўш, бизда-чи, меҳнат қонунчилигимизда нормалар борми? Ҳозиргидек жазирама кунларда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга? Kun.uz шу каби саволларга жавоб излади.

Касаба уюшмалари федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нодира Ғойибназарованинг айтишича, миллий қонунчиликда яхши нормалар ёзилган, фақат уни амалда қўллашни билиш керак.

“Меҳнат кодексининг янги таҳририда аниқ нормалар белгилаб қўйилди ва бу ерда айтяпти (205-модда): "Йилнинг иссиқ ёки совуқ мавсумида очиқ ҳавода ёхуд совитилмайдиган ёки иситилмайдиган ёпиқ хонада ишлайдиганлар, шунингдек, юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахслар учун махсус танаффуслар берилади”, – дейди у.

Ғойибназарованинг сўзларига кўра, Меҳнат кодексида алоҳида тоифадаги ходимларнинг иш шароитлари тўғрисидаги нормалар бўлиши белгиланган. Бу қонуности ҳужжатларида аниқлаштирилади.

“Алоҳида тоифадаги ходимлар деганда биз авваллари вояга етмаганлар, ҳомиладорлиги бор бўлган аёллар, ногиронлиги бор бўлган шахсларни тушунардик. Лекин ҳозирги янги Меҳнат кодекси алоҳида тоифадаги ходимларни кенгайтирган ҳолатда барчасини қамраб олишга ҳаракат қилган. Масалан, педагоглар, тиббиёт ходимлари, транспорт ходимлари, табиий иқлим шароитида ишлаётганлар. Демак, табиий иқлим шароити деганда зарарли, хавфли, ўта зарарли, ўта хавфли шароитларда ишлаётганлар тушунилади. Мана, оддий новвойни олинг. Бу ёқдаги температура билан тандирнинг олдидаги температурада қанча фарқ бор? Тандирнинг ичига кириб чиққанда ўзидан қанча минералларни йўқотади? Демак, унда минералларни организмда сақлаб қолиши билан боғлиқ чора-тадбирларни кўришни талаб этадиган ўзига яраша меъёрлар белгиланган. Яъни алоҳида тоифадаги ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақтларига алоҳида талаблар қўйилган. Агар нормал иш вақти бир ҳафтасида 40 соат бўладиган бўлса, алоҳида тоифадаги ходимларда, масалан, ўта зарарли, ўта хавфлида 36 соат белгиланяпти”, – дейди у.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексига асосан, 30 дақиқадан 2 соатгача танаффуслар белгиланиши мумкин.

“Иш вақтингиз бир кунда 8 соатдан ошадиган бўлса, иккита танаффус берилиши кўзда тутиляпти. Иш вақтингиз 8 соатгача бўлса, битта танаффус. Танаффус давомийлиги 30 дақиқадан 2 соатгача дейиляпти. Бу иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи, касаба уюшмалари билан келишган ҳолда белгиланади. Касаба уюшмалари ходимларнинг вакиллик органи сифатида иш берувчи билан жамоа шартномаларини имзолайди”, – дейди федерация вакили.