21:40 / 30.03.2018
34566

Зулфия номидаги давлат мукофотини бериш тартиби ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга асосан хотин-қизларни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Бу ҳақда тегишли фармон матнига асосан Kun.uz мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, эндиликда мазкур давлат мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилаларига иккитадан ҳар йили Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида таълим, фан адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилиши эътироф этилди.

Шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари олий таълим муассасаларининг бакалавриатига, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасаларининг магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинадиган бўлди.

«Ҳуқуқий ахборот» мессенжер каналида ёзилишича, мукофот илгари ҳар бир ҳудуд вакиласига биттадан берилар эди. Шу билан бирга, мукофот адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга бериларди.

Top