Ўзбекистон | 12:40 / 31.03.2018
5857
2 дақиқада ўқилади

Халқаро олимпиадада Ўзбекистон курсантлари 3-ўринни қўлга киритишди

Фото: Мудофаа вазирлиги

26-30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Монте-Мелконян ҳарбий коллежида бўлиб ўтган курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг чет тили йўналишида биринчи марта иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари кучли давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларига муносиб рақиб эканликларини исботлашди.

Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури тайёрлаш маркази инглиз тили кафедраси мудири Илья Зверев бошчилигида Ереванга йўл олган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти 3-босқич курсанти Аббос Раҳимжонов ва 2-босқич курсантлари Лазиз Раҳимов, Бекпўлат Боқижоновлардан иборат жамоа якуний натижаларга кўра Халқаро олимпиадада фахрли учинчи ўринга муносиб дея эътироф этилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Мазкур олимпиадада Россия Федерацияси, Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ҳамда мезбон давлат курсантларидан иборат 9 жамоа иштирок этди. 

Халқаро олимпиаданинг энг юқори поғонасидан Россия Ҳарбий университети курсантлари жой олган бўлса, Арманистоннинг Вазген Саркисян номидаги Ҳарбий университет жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақада муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар 1 апрель куни И.Каримов номидаги Халқаро аэропортида кутиб олинади. 

Фото: Мудофаа вазирлиги

Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) 2-6 апрель кунлари Қозоғистоннинг  Олмаота шаҳридаги Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилишади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид