Ўзбекистон | 01:00 / 02.04.2018
29300
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокими президентдан ҳудуддаги корхоналар солиғи шу ҳудудда қолдирилишини сўраб олди

1 апрель куни Самарқанд шаҳридаги Тадбиркорларга кўмаклашиш марказида Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17–18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида журналистларга маълумот берди.

«Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида вилоят аҳолисини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида 3та қарор билан қўшимча 500 млн. доллар маблағ ажратишини белгилаб берди, — деди вилоят ҳокими. — Бу пуллар асосан «боғдорчилик ёки чорвачилик билан шуғулланаман, ишлаб-чиқариш корхонаси очаман, иш ўрни яратаман», деган тадбиркорларга имтиёзли кредит шаклида берилади».

Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17–18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ва Пастдарғом туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг ижросини таъминлаш юзасидан тузилган йўл харитасига кўра вилоятда 2018 йил мобайнида 120 минг иш ўрни яратиш белгиланган. Бу рақам вилоятда айни пайтда расман ишсиз сифатида рўйхатга олинган 95 минг кишини тўлиқ қамраб олиш билан биргаликда, хорижда ишлаб юрган самарқандликларни ҳам юртимизга қайтаришга хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш» ҳамда «Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш» лойиҳалари ҳисобидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантириш учун талаб этиладиган техника ва технология ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, интенсив боғдорчилик, замонавий иссиқхоналар, суғориш тизимлари, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, калибровка, саралаш ва қадоқлаш, совутгичли омборхоналар, қишлоқ хўжалиги учун техника ва технологиялар сотиб олиш учун ажратилади.

«Ажратилган маблағ ҳисобидан 10 мингга яқин янги иш ўрни ташкил қилиш, 350дан ортиқ истиқболли лойиҳани амалга ошириш белгиланди», — деди Т.Жўраев.

«Бритиш-Американ-Тобакко» компанияси Ургут тумани аҳолисига тамаки эктириб, ундан Фарҳод шаҳарчамизда маҳсулот тайёрлаб, бир йилда 600 млрд сўм миқдоридаги солиқни пойтахтдаги бир туманга тўлайди. Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси 100 йилдан бери Самарқанд шаҳрида фаолият юритиб, у ҳам 40 млрд сўм солиғини Тошкент шаҳридаги бир туманга тўлайди. Дотацияда бўлиб турган Нуробод, Қўшработ, Пахтачи туманидаги конлар ўз солиғини Навоий вилоятига тўлайди. Умуман, вилоятда ишлаб, бошқа шаҳарларга тўланадиган солиқ йилига бир трлн етти юз млрд сўм экан. Мен президентдан ана шу солиқлар ўзимизга қолишини таъминлаб беришини илтимос қилдим ва илтимосим ижобий ҳал қилинди, — деди вилоят ҳокими. — Энди туманлардаги корхоналар солиғи ўша туманларнинг ўзида қолдирилса, улар дотациядан ҳам чиқишади, ривожланиб ҳам кетишади».

Тадбирда вилоят ҳокими журналистларнинг саволларига жавоб бериш билан бир қаторда, айрим тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳам эшитди ва уларни зудлик билан ҳал қилиш юзасидан туман ҳокимларига топшириқлар берди.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид