Самарқандда қаровсиз ҳолда қуритиб юборилган боғлар масаласи прокуратура назоратига олинди
Ҳолатни ўрганиш учун вилоят прокуратураси томонидан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилган.
Бундан бир неча кун олдин Kun.uz’да “Халқаро миқёсдаги кўзбўямачилик: Самарқандда қуриб ётган учта боғ" сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Унда вилоятда халқаро тадбирлар иштирокчилари томонидан иккита ва вилоят Экология бошқармаси ҳамда журналистлар томонидан яратилган яна бир боғ қаровсиз ташлаб қўйилгани, оқибатда уларда экилган дарахтлар қуриб қолгани танқид остига олинганди.
Самарқанд вилояти прокуратурасининг хабар беришича, мақолада кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш учун Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилган.
“Ишчи гуруҳи аъзолари жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини амалга оширмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун янги боғларнинг барчаси Самарқанд туманида жойлашган.
Биринчи боғ «CRIC-21 яшил боғи» деган тантанали ном билан 2023 йилнинг 13 ноябрида Самарқанд шаҳрида БМТнинг Чўллашишга қарши курашиш конвенциясини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида барпо этилган эди.
Дарахт экиш тадбирида БМТ бош котиби ўринбосари, Чўллашиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва хорижий делегация вакиллари иштирок этган эди.
Орадан бир йил ўтмасдан 1 000 туп қимматбаҳо манзарали дарахтлар экилган 2,5 гектар экани айтилган боғ тўлиқ қуриб кетган.
Иккинчи боғ 2024 йилнинг февралида Самарқандда ўтказилган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция томонларининг 14-конференцияси — COP14 йиғилиши доирасида барпо этилган эди ва «COP-14 Яшил жамоат парки» деб аталганди.
Ўшанда ҳам экология вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Эми Френкел, халқаро делегациялар вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирокида боғда шумтол, заранг, япон сафораси, Қрим қарағайи ва бошқа дарахт кўчатлари ўтқазилган.
Азиз Абдуҳакимов «COP14 — Яшил жамоат парки» 4,5 гектар майдонни эгаллаши, паркда жами 2500 туп турли дарахтлар экилиши, бу ерда савдо дўконлари, автотураргоҳ, шахмат майдончалари қурилишини, умуман парк аҳоли учун ҳар томонлама қулай бўлган маданий ҳордиқ масканига айланишини айтган эди.
Аммо яшил жамоат паркига айланиши лозим бўлган ва Самарқанд туманига ишониб топширилган, қаровсиз қолган парк қисқа вақт ичида қуриб, янтоқзорга айланди.
«Экология боғи» деб номланган учинчи боғ Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан Самарқанд туманидаги Оҳалик маҳалласи ҳудудида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2 гектарлик ер майдонида шу йилнинг баҳорида барпо этилганди.
Унинг бир гектар қисмида журналистлар боғи ҳам боғи барпо этилган, вилоятда фаолият кўрсатаётган журналистлар ҳам бориб 500 тупдан зиёд кўчат экишган эди. Боғларнинг барчаси қаровсиз ҳолда қолдирилгани учун уларга экилган дарахтлар тўлиқ қуриб қолган.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024