12:01 / 05.04.2018
3777

Сьерра-Леонедаги президент сайловларида истеъфодаги генерал ғолиб бўлди

Фото: AFP 2018 / Saidu Bah

Сьерра-Леоне Халқ партияси етакчиси Жулиус Маада Био ўтган ҳафтада бўлиб ўтган президент сайловларининг 2-босқичида ғолиб бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг миллий сайлов комиссияси маълум қилди.

“Миллий сайлов комиссияси раиси Жулиус Маада Биони Сьерра-Леоне президенти деб эълон қилди”, деб айтилган комиссиянинг твиттердаги аккаунтида.

Сайлов натижаларига кўра, ҳукмрон партия “Умумхалқ конгресси” номзоди Самура Камара 2-босқичда 48,1 фоиз овоз, Маада Био эса 51,8 фоиз овоз тўплаган. Маълум қилинишича, янги президент яқин орада қасамёд қабул қилади.

Маада Био 2012 йилдаги аввалги сайловларда ҳам иштирок этган. Ўшанда “Умумхалқ конгресси” номзоди Эрнест Бай Корома ғалаба қозонганди. Корома мамлакат президенти лавозимини 2007 йилдан бери эгаллаб келган. Айни вақтда истеъфодаги генерал Маада Био ҳам 1996 йилда 3 ой давомида мамлакатни бошқарган, бироқ кейин ҳокимиятни демократик йўл билан сайланган ҳукуматга топширган.

Top