Жаҳон | 22:38 / 09.04.2018
6023
2 дақиқада ўқилади

Арманистоннинг собиқ президенти номзоди бош вазир лавозимига илгари сурилди  

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Арманистон бош вазир лавозимини бажараётган Карен Карапетян мамлакатнинг собиқ президенти Серж Саргсян номзоди бош вазир лавозимига илгари сурилишини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлар маҳкамаси матбуот хизматида маълум қилинган.   

9 апрелда Арманистоннинг янги президенти Армен Саркисян лавозимини бажаришга киришгандан кейин ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Президент инаугурацияси куни ҳукуматнинг тарқатилиши ислоҳ қилинган конституциянинг ўтиш қоидаларида кўзда тутилган. Келгусида ҳукумат президент сайловларидан кейин эмас, балки парламент сайловларидан кейин автоматик равишда истеъфога чиқади.

Янги бош вазир сайланиши 17 апрелга белгиланган. Шундан кейин президентга 5 кун ичида ҳукумат аъзолари номзодлари тақдим қилинади, 15 кун ичида вазирлар маҳкамасининг учдан икки қисми шакллантирилиши керак.   

Конституцияга кўра, президент 3 кун ичида бош вазир ўринбосарлари ва вазирларни тайинлайди ёки 5 кун ичида қарор қабул қиладиган Конституциявий судга мурожаат қилади. Агар президент белгиланган муддат, яъни 3 кунда конституциядаги талабларни бажармаса, унда ҳукумат аъзолари автоматик равишда тайинланган ҳисобланади.

Арманистон миллий йиғини 2 март куни Арманистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саркисянни мамлакатнинг янги – 4-президенти этиб сайлаганди. Саргсяннинг президентлик муддати якунлангандан кейин Арманистон конституциясининг янги матни кучга кирди. Унга кўра, ҳокимият парламент ва ҳукумат қўлларида мужассамлашади, президент вазифалари эса мамлакатни тақдим қилишдан иборат бўлади.     

Мавзуга оид