Иқтисодиёт | 14:38 / 11.04.2018
27825
9 дақиқада ўқилади

Янги солиқ концепцияси 3 йил давомида салбий ҳолатларни кучайтириши мумкин

Фото: kakprosto.ru

Тараққиёт стратегияси маркази Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасига қисқача шарҳ берди.

Қуйида марказ экспертларининг умумий хулосалари билан танишишингиз мумкин

I. Солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилган Концепция лойиҳаси Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида республикамиз солиқ сиёсатини тубдан такомиллаштиришда, тизимнинг шаффофлигини таъминлашда ва шу орқали миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши учун замин яратишда муҳим ўринга эга.

Хусусан, солиқ тизимининг соддалаштирилиши солиқ тўловчилар,шу жумладан  хорижий инвесторлар учун ўзига хос бир чақирув ҳисобланиб, бу билан давлат ислоҳотларни фақат иқтисодий усулларни қўллаган ҳолда амалга ошириш йўлини танлаганининг яна бир амалдаги исботи ҳисобланади.

Мазкур концепция лойиҳасида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, хусусан солиқ юкини камайтирилиши, иқтисодиётнинг муҳим қисмини “соядан” олиб чиқилиши, ҳуқуқий ва масъулиятли бизнесни рағбатлантирилиши, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун реал шарт-шароитларнинг яратилиши ва бошқалар ўз навбатида яқин келажакда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, манфаатли ва доимий иш ўринларини яратилиши орқали аҳолининг яшаш даражасини ошишида ўз аксини топади.

II. Шу билан бирга, солиқлар давлат бюджети даромадларини шакллантиришда потенциал манба эканлигини ҳамда солиқ тизимини тубдан ва жуда ҳам қисқа даврда ислоҳ қилиш дастлабки йилларда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш лозим бўлади.

Жорий йилда республикамиз давлат бюджети даромадларида қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) тушумлар улуши 35,4 фоизни (22 трлн. сўм), юридик шахсларнинг фойда солиғидан тушумлар - 4 фоизни (2,5 трлн. сўм), тадбиркорлик субъектларининг ягона солиқ тўловидан ажратмалар ва қатъий солиқлар - 8,2 фоизни (5,1 трлн. сўм), мулк ва ер солиғи - 5,5 фоизни (3,4 трлн. сўм) ҳамда жисмоний шахсларга даромад солиғининг улуши 8,4 фоизни (5,2 трлн. сўм) ташкил этишини ва улардан тушумлар асосан ижтимоий соҳаларни (35 трлн. сўм) молиялаштириш манбалари эканлигини ҳисобга олсак, солиқ тизимидаги ислоҳотлар масаласини жуда ҳам нозиклиги янада намоён бўлади. 

Молия соҳасидаги айрим мутахассисларнинг фикрича, солиқ тизимини таклиф этилаётган шаклда, яъни жуда ҳам қисқа даврда туб ўзгаришларнинг амалга оширилиши, шунингдек, юридик шахслар фойдасидан тўланадиган солиқни бекор қилиш эвазига 25 фоизлик дивиденд солиғининг киритилиши, ҚҚС ставкасининг 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилиши ва бошқа ислоҳотлар ҳисобига давлат бюджетига келиб тушадиган тушумларнинг биринчи йилда 20-25 трлн. сўмгача камайиши кузатилиши ва бундай салбий ҳолат 3 йилгача давом этиши мумкин.  

Мазкур йўқотишларни қоплашнинг асосий йўллари бюджет ҳаражатларининг қисқартирилиши ёки солиқ солинадиган базанинг кенгайиши ҳисобига бошқа солиқлар бўйича тушумларнинг кўпайиши, ёхуд баъзи мутахассислар фикрига кўра, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёки Халқаро молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш бўлиши мумкин.

Шу ўринда, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва Халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинган маблағларни бюджет харажатлари учун ишлатилиши бевосита инфляцияга таъсир қилган ҳолда, дастлабки йилларда Ўзбекистондаги инфляция даражаси назорат қилиб бўлмайдиган даражага, яъни йиллик 30-35 фоизга етиши мумкин деб баҳоланмоқда.

Шунингдек, амалда дивиденд тўлаш учун корхона фойда олгандан сўнг биринчи навбатда ушбу фойдани ташқи аудит томонидан тасдиқлатиши ва таъсисчилар йиғилиши орқали уни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинишига ўртача 6 ой вақт кетиши сабабли деярли барча ташкилотлар дивидендни аввалги йил учун ҳар йили бир марта тўлайдилар. Яъни, агар ташкилот дивиденд тўлаш бўйича қарор қабул қилган тақдирда ҳам дивиденд солиғи бир йилда бир марта тўланади, бу эса бюджетнинг ҳар ойлик манбаларини шакллантиришга ва мажбуриятларининг бажарилишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, албатта.

Амалиётга фақат 25 фоизли дивиденд солиғи жорий этилса, айрим хўжалик субъектлари осонликча ва ҳеч қандай хатарларсиз солиқларни тўламасдан маблағларни олиш ёки бошқача айтганда, акционерлар (таъсисчилар) дивиденд солиғини тўламаслик мақсадида хўжалик фаолияти орқали дивидендлар тўловини яширин тарзда амалга оширишга уринишлари мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш лозим (активларни сотиб олиш ва уларни ташкилот номига расмийлаштириш, хизмат кўрсатиш бўйича сохта шартномаларни расмийлаштириш ва ҳ.к.).

III. Республикамиз солиқ тизимини ислоҳ қилиш валюта конвертациясининг очилишидан кейинги асосий қадамлигини, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлишини яна бир бор таъкидлаган ҳолда солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг ҳозирги даврида қуйидагиларни ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

1) Солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилишдан олдин амалдаги солиқ тизимини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, унинг барча салбий ва ижобий жиҳатларини ўрганиш, киритилаётган ўзгартиришларнинг соҳаларга, йирик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга таъсири бўйича стресс-тестлар ўтказиш, киритилаётган ўзгаришларнинг бюджет даромадлари ва харажатларининг ҳар бир турига таъсирини, шунингдек, солиқ ислоҳоти натижалари прогнозини солиштирма жадваллар ва аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш.

Шунингдек, ўтган йилларда (а) ихтиёрий равишда тўланган солиқлар суммаси, (б) назорат қилувчи органлар томонидан мажбурий ундирилган солиқлар суммаси, (в) солиқ тўловчилар ва назорат қилувчи органлар ўртасида солиқлар бўйича низоларнинг сони, (г) ортиқча тўланган солиқлар бўйича қайтарилган сумма ёки ортиқча тўловларнинг ортганлиги ҳамда (д) солиқ тўловчилар томонидан молия ва назорат органларига солиқларга оид тушунтиришлар бериш бўйича қилинган мурожаатлар сонини таҳлил қилиш ҳам мақсадга мувофиқ ҳисобланади.  

Мазкур тадбирлар амалга оширилгандан сўнггина янги ўзгаришларни амалиётга жорий этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Акс ҳолда охир-оқибатда солиққа тортишнинг бошқача номланган эски тизимига ёки янада салбийроқ вариантига эришиш мумкин.

2) Солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясини Ҳаракатлар стратегияси доирасида иқтисодиёт ва ҳудудларнинг ривожланиш ҳолати, давлат бюджети параметрлари ижроси, шунингдек, амалга оширилаётган валюта ислоҳоти натижаларидан келиб чиқиб, макроиқтисодий, монетар ва фискал сиёсат билан ўзаро мутаносибликда ва босқичма-босқич равишда амалга ошириш.
3) Солиқ ислоҳоти натижасида дастлабки йилларда вужудга келиши мумкин бўлган бюджет етишмовчиликларини ноинфляцион манбалар, жумладан Давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш, давлат объектларини хусусийлаштириш, хўжалик бирлашмаларидаги давлат улушини сотиш ва бошқалар орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни ҳаддан ташқари ошиб кетишини олдини олиш.

4) Солиқ Концепциясидан кўзланган бош мақсадни аниқ белгилаб олиш ва шунга муносиб равишда концептуал ўзгартиришларни амалга ошириш. Амалий нуқтаи назардан қуйидаги йўналишларга устуворлик қаратилган концепцияларни мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин:
- асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар барқарорлигини таъминлаш;
- аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш;
- тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
- давлат бюджети параметрлари дефицитининг юқори бўлишини олдини олиш (халқаро тажрибада бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан юқори бўлиши - хатарли ҳисобланади);
- маҳаллий бюджетлар даромад манбаларини ва маҳаллий органларнинг молиявий мустақиллигини ошириш.

5) Юридик шахслар фойдасига солиқни бекор қилиш эвазига 25 фоизлик дивиденд солиғини киритилишининг, ҚҚС бўйича амалга ошириладиган ўзгартиришларнинг таққослама прогнозини ишлаб чиқиш.

Шунингдек, 25 фоизлик дивиденд солиғининг киритилиши миллий қимматли қоғозлар бозори жозибадорлигини пасайишига олиб келиши, шунингдек, инвесторларнинг манфаатдорлигига салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини чуқур ўрганиб чиқиш. 

6) Кичик бизнес субъектларига ҳам 12 фоизлик ҚҚС жорий қилиниши ва соддалаштирилган солиқ тартибини тугатилишининг дастлабки йилларда ушбу соҳа ривожланишига ва янги иш ўринларини яратишдаги имкониятларини чеклашга олиб келиши мумкинлигини ўрганиш. Бунда республикамизда ЯИМнинг 50 фоиздан ортиғи кичик бизнес субъектлари ҳисобига шаклланишини ҳам инобатга олиш.

7) Турли мамлакатларнинг солиқ сиёсати ва уларда амалга оширилган ислоҳотларнинг дастлабки йилларда иқтисодиёт, давлат бюджети, тадбиркорлик фаолиятига ва инвестицион муҳитга таъсири тўғрисида амалий тажрибага эга бўлган халқаро ташкилотлар мутахассислари фикрини ўрганиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мавзуга оид