Спорт | 13:16 / 11.04.2018
43726
8 дақиқада ўқилади

«Заҳарли десерт». «Барселона»нинг аламли оқшоми ҳақида

Каталония газеталари чорак финали қуръа натижаларини жуда илиқ кутиб олишган, Рим жамоасини жуда осон ҳазм бўладиган десертга қиёслашган экан. 

Фото: Скриншот

«Рома» ҳар қанча кучли ўйнамасин, агар у «Барселона»ни 3:0 ҳисобида ютар экан, сабабларни рақибдан ҳам қидириб кўришга тўғри келади, менимча. Кечаги камбэкни сўнгги йилларда кузатганимиз – «Барселона»нинг «ПСЖ» ёки «Милан»га қарши ўйинлардаги иродасига ўхшатиб бўлмайди. Агар «Манчестер Сити» «Ливерпуль»даги 0:3 ҳисобини ўз фойдасига ўзгартира олганда ҳам, Римдаги ўйин бутунлай бошқача эканини сезиб турган бўлардик барибир.

Сабаби, «ПСЖ» ҳам, «Милан» ҳам, «Ливерпуль» ҳам пайдо бўлган бу устунлик ҳали етарли эмаслигини билиб туришар, бор диққатини жавоб ўйинига қаратишган ҳам эди. Муҳит, ўйин олди ҳолатларнинг барчаси «камбэк бўладими ёки йўқми» деган савол атрофига қурилганди. Римдачи? «Рома» бу ўйинга қандай тайёргарлик кўрган билмадим-у, «Барселона» футболчиларининг хаёлида жавоб ўйинидан-да кўпроқ, «Реал»нинг чемпионлик «коридори» бўлгани шубҳасиз. ЕЧЛ фаворитининг чорак финалга чиқиши ҳам катта муваффақият бўлган оддий клуб устидан йирик ғалабаси ва расмий жавоб ўйини... Шу холос. Бундай ҳолатда диққатни жамлаш Вальверденинг ўзига ҳам осон бўлмагандир?

Агар параллел топиш лозим бўлса, 2003/04 йилги мавсумда «Милан»нинг «Депортиво» билан ўйинлари ёдга тушади. Ўшанда, «Милан» дастлабки ўйинда испанлар устидан 4:1 ҳисобида устун келган. Жавоб ўйинида миланликлар кутилмаган қаршиликка дуч келишади. «Депортиво» биринчи бўлимдаёқ учта гол уриб вазиятни ўз томонига оғдиради. Иккинчи бўлимда тўртинчи гол ҳам киритилади. Ўйиндан кейин италияликлар бош мураббийи Карло Анчелотти қизиқ гап айтганди: «Агар биринчи ўйинда кичик ҳисобда ютганимизда имкониятимиз кўпроқ бўларди. Биз ўзимизга ортиқча ишониб юбордик, ўйин пайтида эса, ортга қайтишнинг имкони бўлмади. Рақиб ўз кучига ишониб бўлганди».

Нафақат Анчелотти, жуда кўп италиялик мураббийларнинг 1:0дан кўра, 2:0дан қўрқишлари ҳақида эшитганман. Минимал ҳисобда жамоа бор диққатини натижани сақлаб қолишга жамлайди, иккинчи гол эса бўшаштириб юбориши мумкин. Агар рақиб ҳисобни қисқартирса, энди аввалги 1:0 ҳисобидаги ҳолатга қайтиб бўлмайди – рақиб кучайиб кетади.

Бу ерда гап фақат руҳиятда эмас. Тасаввур қилинг, агар «Барселона» биринчи ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлганида? Олтинчи дақиқадаёқ вазиятда орқада бўлиб қолган «Барселона»да вазиятни ўнглаш учун 85 дақиқа бўлмасмиди? Кеча эса, фақат ўн дақиқа қолганди. Ва албатта, бутун мавсум ютқазмаган «Барселона» дарвозасига учта гол уришни уддасидан чиққан «Рома»ни бутун дунё тўхтата олмасди энди. Бу биринчидан.

Фото: Reuters

Иккинчидан, «Барселона»нинг нисбатан жуда осон мавсум ўтказаётгани. Худди шу сабабни иккинчи учрашувда вазифани уддалай олмаган «Манчестер Сити»га ҳам тиркаш мумкин. Ҳар икки жамоа ички чемпионатда жуда ишончли ўйин кўрсатишмоқда ва икки рақамли сон билан таъқибчиларини ортда қолдириб келишмоқда.

Муаммо шундаки, «Барселона» ҳам, «Манчестер Сити» ҳам мавсум давомида футбол ўйнашди холос, майдонда жанг қилишмади. Таъқибчиларидан орадаги фарқлар уларга хато қилиш ҳуқуқини тақдим этар, ҳар қандай ўйинда ютқазиш имкониятига эга эдилар. Уларга қарши эса, деярли ҳар ҳафта кучли тўртлик учун ҳаёт-мамот жангларини ўтказаётган, икки ойдан буён бирор очко йўқотишга ҳаққи бўлмаган ўйинларда жанг қилиб келаётган «Рома» ва «Ливерпуль» сафланганди. Тўғри, «Барселона» ё «Манчестер Сити» ўша комфорт ҳолатда ҳам ўз ўйинларини ютиб келишаётганди, лекин босимсиз, етарлича устунлик билан, завқ олиб ўйнаш бошқа, ютқазишга умуман ҳаққинг йўқ ўйинларда курашиш бошқа. Турнир жадвалида олдинга чиқиб олгач, ҳатто «Лестер» ҳам вақтинча топ-жамоага айланиб қолганини ва ҳеч кимга ютқазмаганини эсланг. 

«Барселона» ҳам, «Манчестер Сити» ҳам ушбу мавсумда Европада энг яхши футбол ўйнаётган икки жамоа, лекин энг яхши жанг қилаётган, энг яхши курашаётган жамоалар эмасди. Ички чемпионатларда улар билан курашадиган рақибнинг ўзи йўқ эди ахир.

Айнан шу турнир жадвалидаги устунлик жамоалар натижаларидаги ўзгаришларни сезиларсиз қолдирди. Аслида 2018 йилда «Манчестер Сити» «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм»дан, «Барселона» эса, «Реал» ва «Атлетико»дан камроқ очко тўплаганини ҳеч ким сезмай турди – ахир пешқадамлик сақланиб турибди, чемпионликка бир қадам, шундай эмасми?

Эсингизда бўлса, «Манчестер Сити» ноябрь ойида бир қатор ўйинларда кетма-кет сўнгги дақиқаларда гол уриб, ғалаба қозонганди. Ўша очколар жуда ҳам зарур бўлган, ўша ўйинлардаги ғалабалар эвазига, «Сити» таъқибчиларидан анча олдинга ўтиб кетганди. Менимча, агар ўша ўтган йилнинг охиридаги иродали «Сити» бугунги «Ливерпуль»га қарши бўлганида, Пеп Гвардиола жамоасида имконият яхшироқ бўларди. Бугунги «Сити»ни кучсизроқ демаяпман, асло. Кечаги биринчи бўлим манчестерликларнинг жуда қийин вазифани бажара оладиган салоҳиятга эга эканини намойиш қилди, балки ҳакам хато қилмаганда, иккинчи гол ҳисоблаганда бутунлай бошқача натижанинг гувоҳи бўлишимиз мумкин эди. Бу ерда гап характерда. «Манчестер Сити» ҳар қандай рақибни йирик ҳисобда енгиши мумкин, лекин илк зарбадан кейин ўрнидан туриши осон бўлмайди. Ўрганмаган зарба ейишга. Худди шу ҳолат кеча Салоҳнинг голидан кейин ҳам, аввалги куни Погбанинг дублидан кейин ҳам кузатилди.

Фото: Reuters

«Рома»га эса фақат қойил қолиш мумкин. Бундан роппа роса 11 йил аввал, 2007 йилнинг 10 апрелида Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Рома» ўта қақшатгич зарбага учраганди, «МЮ» уларни 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Ўшандан бери бу сана «Рома» учун қора рангларда бўлган, эслашни ҳам исташмасди. Энди эса, 10 апрель деганда ўша «Олд Траффорд»даги шармандали оқшом эмас, кечаги камбэк эсланади, байрам қилинади.

Фото: Reuters

Тарих шундай ўчирилади. Тарих шундай ёзилади. 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид