Англия: Гвардиола барибир норози

«Тоттенҳэм» – «Нюкасл» 1:2
Голлар: 1:0 – 4 Соланке, 1:1 – 6 Гордон, 1:2 – 38 Исак.
«Тоттенҳэм» – Остин, Спенс, Грэй, Дрэгушин (Регилон, 46), Порро, Сарр (Биссума, 62), Бергвалл (Мэддисон, 62), Вернер (Сон Ҳён Мин, 62), Кулусевски, Жонсон, Соланке.
«Нюкасл» – Дубравка, Ҳолл, Берн, Ботман (Келли, 90+2), Ливраменто, Жоэлинтон, Тонали, Бруно Гимараэс, Гордон (Барнс, 78), Мерфи (Лонгстафф, 86), Исак (Уиллок, 86).
Огоҳлантиришлар: Берн (17), Жоэлинтон (73), Ботман (80), Исак (86), Регилон (90+9).

Ўтган йилда «Тоттенҳэм» АПЛ ўйинларида биринчи бўлиб гол ўтказишни канда қилмади. 2025 йилни эса «шпорлар» тезкор гол уриш билан бошлади, аммо жамоада қайта туғилиш рўй бермади. Соланкенинг зарбасидан икки дақиқа ўтиб Гордон ҳисобни тенглаштирди, бўлим охирида эса «Нюкасл»нинг асосий тўпурари Исак катта саҳнага чиқди. Швед ҳужумчиси аввалига ўта қулай вазиятдан фойдалана олмади, аммо иккинчи уринишда қаторасига саккизинчи ўйиндаги голини нишонлади. «Қарғалар» тарихида бундай серияга фақат икки футболчи — афсонавий Алан Ширер (1996) ва Жо Уиллок (2021) эришган.

«Тоттенҳэм» ҳимоясидаги муаммолар ҳеч қаерга йўқолмаганди. Ромеро, ван де Вен, Дэвис ва Удоджи ҳамон жароҳатда. Иккинчи голдаги асосий айбдор Дрэгушин танаффусдаёқ алмаштириб ташланди, Ангелос Постекоглу ҳимоя марказига — 18 ёшли номинал таянч ҳавбек Грэйга шерик сифатида қанот футболчиси Спенсни туширди. Ўйиннинг биринчи соати ортда қолганида шу кунларда вирусга чалинган ва ярим соатдан ортиқ ўйнай олмайдиган Сон Ҳён Мин, Мэддисон ва Биссума ўйинни кучайтириш учун ташланди. Улар ҳужумкорликни оширишди, аммо ҳатто дурангни ҳам таъминлай олишмади. «Шпорлар» бу мавсумдаги ўйинларининг ярмида ютқазиб, турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолмоқда, Эдди Ҳау жамоаси эса қаторасига олти ғалабадан кейин топ-4 учун курашни давом эттирмоқда.

«Манчестер Сити» – «Вест Ҳэм» 4:1
Голлар: 1:0 – 10, автогол Цоуфал, 2:0 – 42 Ҳоланд, 3:0 – 55 Ҳоланд, 4:0 – 58 Фоден, 4:1 – 71 Фюллкруг.
«Манчестер Сити» – Ортега, Гвардиол, Аке (Уокер, 61), Аканжи, Люис, Ковачич (Гундўған, 61), Савио (Макати, 80), Бернарду Силва, де Брюйне, Фоден, Ҳоланд (Грилиш, 84).
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Уан-Биссака, Килмен, Тодибо (Мавропанос, 53), Цоуфал, Алварес (Ингз, 87), Соучек, Саммервилл, Лукас Пакета, Қуддус (Гилерме, 72), Фюллкруг.