Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида штат бирликларининг умумий сони доирасида қуйидагилар ташкил этилади: 

а) Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: 

Бутунжаҳон савдо ташкилоти, Бутунжаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ҳамда тавсияларини таҳлил қилган ҳолда божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш; 

божхона қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқий нормаларни эркин, субъектив ва танлов асосида талқин қилиш ҳолатларини истисно этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш; 

божхона соҳасида ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва шарт-шароитларини тизимли таҳлил қилишни ташкил этиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, божхона органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита мулоқотсиз муносабатга киришиш шаклларини жорий этиш; 

божхона иши ҳамда божхона органлари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш, уларни Ўзбекистон Республикасида жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш; 

б) Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: 

божхона органларида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини назорат қилиш учун куч ва воситаларни жамлашни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш; 

хавфи юқори бўлган, шу жумладан, дастлабки маълумотларни таҳлил қилиш ва тасодифий танлов асосида товар партияларини божхона назорати учун мақсадли танлаб олиш методологиясини ишлаб чиқиш; 

виждонли ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини аниқлаш, уларга нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларини қўллашнинг тартиб ва мезонларини ишлаб чиқиш;